Ишонч телефони регламенти

Мурожаатларни 1102 рақамли Ишонч телефони орқали қабул қилиш 

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг “Мурожаатларни 1102 рақамли Ишонч телефони орқали қабул қилиш”

Р Е Г Л А М Е Н Т И.

  1. Хизматни ёритиш (паспорт).

1.1. Хизмат номланиши.

Мурожаатларни 1102 рақамли “ Ишонч телефони” орқали қабул қилиш.

1.2. Хизмат натижаси

Марказга келиб тушган мурожаатларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва қонун талабларига қатъий риоя этган ҳолда кўриб чиқилишини ташкил этиш ва назорат қилиш, бу борада тезкор ахборот алмашинувини таъминлаш орқали фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш.

1.3. Хизмат кўрсатиш органи.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш ва иш юритиш бошқармаси.

1.4. Ҳуқуқий асос

 Ўзбекистон Республикасининг 2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ЎРҚ-445-сонли Қонуни.

1.5. Хизматдан фойдаланувчи.

Ўзбекистон Республикасининг Жисмоний ва юридик шахслари ёки уларнинг қонуний вакиллари.

1.6. Ижро муддати

Ўзбекистон Республикаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонундан келиб чиқиб, мурожаат масалани мазмунан ҳал этиши шарт бўлган ички ишлар органига келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёхуд бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари тегишли ички ишлар органи раҳбари томонидан, истисно тариқасида асослантирилган билдирги орқали кўпи билан билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда мурожаат этувчига хабар қилинади.

Таклиф ички ишлар органига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахсга ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабар қилинади.

  1. Хизмат олувчиларга маълумот бериш

2.1. Маълумот хажми ва таркиби:

Вазирлик соҳавий хизматлари, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси, вилоятлар ички ишлар бошқармалари кўриб чиқилган мурожаатлар бўйича якуний жавоб хатида мурожаатда келтирилган масаланинг ечими юзасидан аниқ маълумотлар баён этилади.

2.2. Батафсил маълумот бериш

Бир шахснинг айнан бир масала бўйича олдинги мурожаатига жавоб берилмаётганлиги ҳақидаги мурожаати агар уни қонунда белгиланган кўриб чиқиш муддати ўтмаган бўлса бу ҳақда муаллифга тушунтирилади.

2.3. Мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат бериш

Марказ ходимлари томонидан мурожаат муаллифларига ҳуқуқий маслаҳат берилиши тақиқланади.

  1. Хизмат кўрсатиш

 3.1. Иш вақти

Мурожаатлар “Ишонч телефони” орқали туну кун узлуксиз қабул қилинади.

  1. Хизмат кўрсатиш тартиби

4.1. Хизмат учун ундириладиган хақ.

 Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш хизмати  – бепул.

4.2. Рад этиш асослари

 Муаллиф томонидан шахсига оид маълумотлар берилмаган тақдирда, унга Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига асосан мурожаати кўриб чиқилмаслиги тушунтирилади.

 

  1. Сифатини таъминлаш

5.1. Сифат кўрсаткичлари

Жисмоний ва юридик шахсларнинг ички ишлар органларига мурожаатларини амалга оширишлари учун қулай шароитлар яратиш, шунингдек уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини самарали таъминлаш.

5.2. Сифатсиз хизматдан шикоят этиш

 Кўрсатилган хизматдан қониқиш хосил қилинмаганида, Жисмоний ва юридик шахслар қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Text to speech