3- сектор раҳбари арнасойликлар билан мулоқот қилди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Арнасой туманида сайёр қабул ҳамда ёшлар билан учрашув ўтказди. Туман маданият бўлимида ташкил этилган мулоқотда Бобур, Ғафур Ғулом, Ғолиблар ҳамда Тошкент маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли вакиллари иштирок этдилар.
Мулоқот аввалида Ғайрат Қодиров иқтисодиётни юксалтириш, аҳолининг турмуш даражасини ошириш мақсадида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр юритди. Тадбир доирасида 3 нафар фуқаролиги йўқ шахсга ҳамда 3 нафар ёшга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди.
Сайёр қабул давомида фуқаролар тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, спорт тўгараги очиш ҳамда турар жой таъмири учун кредит ажратиш, ишга жойлашиш, уй билан таъминлаш каби масалалар юзасидан мурожаат қилишди. Мазкур муаммоларни ҳокимлик ҳамда тегишли корхона ва ташкилотларни жалб этган ҳолда ҳал қилишга келишиб олинди. Худди шундай, фуқароларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш юзасидан тавсиялар берилди.
Шу жойда 3- сектор раҳбарининг ёшлар билан мулоқоти бўлиб ўтди. Бу жараёнда ички ишлар бошқармаси бошлиғи юртимизда ёшларнинг билим олишлари, иш билан таъминланиши ҳамда ижтимоий ҳимояси борасида яратилган имконият ва шароитлар ҳақида маълумотлар берди. Суҳбат давомида туманда IT парк фаолиятини йўлга қўйиш, гимнастика машғулотларини ташкил этиш, журналистика тўгарагини очиш, интернет тармоғига уланиш, диёримизнинг диққатга сазовор манзилларига саёҳат уюштириш, балиқчилик хўжалиги очиш учун имтиёзли кредит ажратиш каби қатор масалалар кўтарилди. Ушбу талаб ва таклифларга қисқа муддатларда ечим топиш чоралари белгиланди.
Учрашув якунида 13 нафар ёшга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун кредит ҳамда деҳқончилик билан шуғулланиш учун 1 гектар ер олиш ҳуқуқларини берувчи сертификатлар топширилди. 4 нафар ёш эса 3- сектор раҳбаридан кичик инкубаторларни қабул қилиб олди. Худди шундай, туманнинг фаол ёшлари китоблар билан тақдирланди.
Шу куни китоб ярмаркаси ҳамда саноат маҳсулотлари кўргазмаси ўтказилди. Аҳолига суюлтирилган газ, кўмир ҳамда ун етказиб берилди.
3- сектор раҳбари тумандаги 480 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган “Arnasoy gold tex” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Маълумот ўрнида айтиш керак, мазкур корхонада 40 турдан ортиқ кийим-кечак, чойшаб ва сочиқлар ишлаб чиқарилади. Маҳсулотларнинг 90 фоизи Туркия, Қозоғистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари ҳамда Украинага экспорт қилинаётир.
3- сектор раҳбари билан мулоқот давомида корхона вакиллари электр таъминоти ҳамда электр қуввати учун ҳисоб-китоб қилишда муаммолар мавжудлигини билдиришди. Масала шу куннинг ўзидаёқ туман электр тармоқлари корхонаси масъуллари билан муҳокама этилиб, қийинчиликни 5 кун муддатда бартараф этишга келишиб олинди.
Худди шундай, Ғайрат Қодиров туман марказидаги “Elnoza-2019” мактабгача таълим ташкилотида ҳам бўлди. Мазкур муассаса вакили кадастр ҳужжатларидаги чалкашликлар сабаб ташкилот ер майдонининг бир қисми бошқа бир тадбиркорлик субъекти ихтиёрига ўтиб қолганлигини маълум қилди. 3- сектор раҳбари масалани қисқа муддатларда ижобий ҳал қилишга сўз берди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.