20 Январ 2022 йил 700

3-сектор раҳбари тадбиркорлар муаммоларини ўрганди

Мамлакатимиздаги қулай ишбилармонлик муҳити, хорижий инвесторлар, тадбиркорлар учун яратилаётган имтиёз ва имкониятлар янги лойиҳаларни амалга оширишга хизмат қилмоқда. Бу борада мавжуд муаммоларни бартараф этиш корхоналар фаолияти барқарорлигини таъминлаш ва янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади. Шу маънода, Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Мирзачўл туманидаги корхоналар фаолиятини ўрганди. “Мирзачўл текс” масъулияти чекланган жамиятида бўлган бошқарма бошлиғига корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва мавжуд муаммолари ҳақида маълумотлар берилди. Қўшимча ишчи ўрни яратилишига тўсиқ бўлаётган омиллар айтилди.

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туман ҳокими ва мутасаддилар билан биргаликда туманда яқинда иш бошлаган ун ишлаб чиқариш корхонаси фаолиятини ўрганди. “Сангзор бизнес парранда дон дунёси” масъулияти чекланган жамиятига қарашли корхона ускуналари Туркия давлатидан келтирилган бўлиб, бир кунда 120 тонна ун ишлаб чиқариш қувватига эга. 20 нафар фуқаро эса доимий иш билан таъминланган ва маҳсулотларни қўшни давлатларга экспорт қилиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоиз, туманда бу каби ишлаб чиқариш корхоналари сони ортиб бормоқда. Хусусан, жорий йилда бўш турган яна бир бинода тикувчилик фабрикаси фаолият бошлайди. Бу ўз навбатида 200 нафар хотин-қизлар учун иш ўрни яратса, “Фахр-мўмин” масъулияти чекланган жамиятига қарашли фабрика ишлаб чиқариш кўламини янада кенгайтириш арафасида. Бошқарма бошлиғи тадбиркорлар билан суҳбат чоғида мавжуд муаммоларни ўрганди. Уларни ҳал этиш бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатди.

Бундан ташқари, ҳудуд имкониятидан келиб чиққан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, аҳоли бандлиги, даромадлари ва турмуш даражасини изчил оширишга қаратилган балиқчилик, паррандачилик ва чорвачилик йўналишидаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлар учун зарур муҳандислик-коммуникация тармоқларига оид масалаларни ҳал этиш лозимлиги қайд этилди. Хуллас, шу куни Мирзачўл туманда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш даражасини янада яхшилашга қаратилган зарур чоралар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.

Text to speech