31 Январ 2021 йил 593

3-сектор раҳбари жийдалиликлар билан мулоқот ўтказди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ғаллаорол туманининг Жийдали қишлоқ фуқаролар йиғинида сайёр қабул ўтказди. 3- сектор раҳбари дастлаб “Ғаллаорол” агрофирмаси таркибида фаолият бошлаган ёнғоқчиликка ихтисослашган 8 та фермер хўжалиги вакиллари билан мулоқот уюштирди. Маълумот ўрнида айтиш керак, Ғўбдин қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги ушбу фермер хўжаликлари аъзолари томонидан 560 гектар лалми майдонга 3 йилда ҳосилга кирадиган интенсив навли ёнғоқ кўчатлари экилган. Худди шундай, артезиан қудуқлари ковланиб, томчилатиб суғоришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 3- сектор раҳбари билан мулоқот давомида фермер хўжаликлари вакиллари субсидия сўраб, мурожаат қилишди.

Туман ҳокимлиги ва банк масъуллари иштирокида ушбу масалани қисқа муддатларда ҳал қилиш чоралари белгилаб олинди. Шундан сўнг вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманнинг Жийдали қишлоқ фуқаролар йиғинида боғдорчилик соҳасида фаолият бошлаётганлар билан учрашди. Ушбу фуқаролар “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган бўлиб, доимий даромад манбаига эга бўлишлари учун 1 гектардан ер ажратилган. Улар 105 гектар майдонда бодомзор юзага келтиришаяпти.

Мулоқот давомида кўчатлар учун жийдалиликларни 7 фоизлик кредит билан таъминлашга келишиб олинди. Бир йўла йиғилганларга мутахассислар томонидан имтиёзли кредит турлари ҳақида маълумот берилди.

Шу куни 3- сектор раҳбари ҳудуддаги “Аёллар дафтари”га киритилган оила вакиллари яшовчи 2 та хонадонда бўлиб, муаммоларини ўрганди. Натижада ҳар икки оиланинг 1 нафардан фарзандларини касбга ўргатиш ва уларни субсидия асосида 7 миллион сўмлик тикув машиналари билан таъминлашга келишиб олинди. Шунингдек, бу оилалардан бирининг томорқаси текисланади ва мевали кўчатлар келтириб берилади.

Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг жийдалиликлар билан мулоқоти ҳудуддаги 1- сонли ўрта умумтаълим мактабида бўлиб ўтди. Бу ерда китоб ярмаркаси, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. 3- сектор раҳбари тадбиркорлар билан суҳбат жараёнида улар фаолияти учун таълим муассасасидан хона ажратиш ва ўқувчиларни касбга ўргатиш масаласини кўтарди. Шу жойнинг ўзида бу борада мактаб раҳбарияти билан келишиб олинди.

Аҳоли билан мулоқот аввалида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, халқ турмуш маданиятини юксалтириш йўлида яратилаётган имконият ва шарт-шароитлар хусусида тўхталиб ўтилди. Мазкур жараёнда 2 нафар фуқаролиги йўқ шахсга тантанали равишда Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари топширилди. Айтиш жоиз, улардан бири бу кунни 27 йил, бошқаси 29 йил кутган. Шунингдек, 5 нафар ёш илк маротаба фуқаролик паспортларини қўлига олди. 4 кишига эса ногиронлик аравачалари берилди.

Сайёр қабулда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш учун ер майдони, кредит, бино ажратиш, ишга жойлашиш, оилавий поликлиникага тегишли тез ёрдам автоуловини таъмирлаш, ҳудуддаги 2 та электр трансформаторини янгилаш каби муаммолар кўтарилди. Шундан сўнг 3- сектор раҳбарининг ҳудуд ёшлари билан мулоқоти бўлиб ўтди. Улар замонавий спорт майдони барпо этиш, тикувчилик цехи фаолияти учун бино ва субсидия ажратиш, тадбиркорликни йўлга қўйиш учун имтиёзли кредит олиш, касб ўрганиш, ихтисослик бўйича ишга жойлашиш юзасидан талаб ва истаклар билдиришди.  

Қисқаси, кўтарилган ҳар бир масала туман ҳокимлиги, ташкилот, муассаса ва корхоналар масъуллари иштирокида муҳокама этилиб, ҳал қилиш чоралари белгилаб олинди. Тадбирда бир қатор корхоналар вакиллари томонидан туманда барпо этилаётган металл-конструкция заводи қурилиши ҳамда иссиқхоналарда мавжуд иш ўринлари ҳақида маълумот берилди ва аҳоли ишга таклиф этилди. Сайёр қабулда 3 нафар ёш тадбиркорга 30 миллион сўмлик субсидия, 5 нафар оилавий тадбиркорга банкдан имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификат топширилди.

Айтганча, Жийдали қишлоқ фуқаролар йиғинида бўлиб ўтган сайёр қабулда Коризқудуқ, Гулчамбар, Қипчоқсув, Маржонбулоқ ва Оқтош маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчилар ҳам иштирок этди. 3- сектор раҳбарининг навбатдаги сайёр қабули Шароф Рашидов туманида ташкил этилади.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech