28 Ноябр 2020 йил 783

3-сектор раҳбарининг навбатдаги сайёр қабули Зомин туманида ўтказилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодировнинг Зомин туманида бўлиб ўтган сайёр қабули аввалида ҳудуддаги “Оqsaroy tеxtil Jizzakh” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Айтиш жоиз, 300 та иш ўрнига эга корхона йилига 5 минг тонна ип-калава, кунига 4 тонна трикотаж мато тайёрлаш қувватига эга. Маҳсулотнинг асосий қисми Покистонга экспорт қилинмоқда, бир қисми эса ички бозорга етказиб берилаётир.

Корхона вакиллари билан мулоқот жараёнида МЧЖ жамоаси электр таъминотида муаммоларга дуч келаётгани маълум бўлди. 3- сектор раҳбари тегишли корхоналарни жалб этиш орқали масала ҳал этилишини билдирди.

Шу куни вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи “Jizzax оrgаnik” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди. Айни вақтда мазкур МЧЖ чорвачилик мажумаларида Европа, АҚШ ва Россиядан келтирилган 4700 бош ангус, гелифорд зотли йирик шохли ҳамда Австралиядан олиб келинган 2100 бош дорпер зотли майда шохли чорва моллари боқилмоқда. Шунингдек, МЧЖ вилоятнинг Зарбдор туманида чорвачилик комплексини юзага келтирмоқда. Мазкур мажмуа қушхона, гўштни қайта ишлаш корхонаси ҳамда гўшт сақлаш музхонасига эга бўлади. Бу ерда 400 дан ошиқ ишчи меҳнат қилмоқда. 2021 йил якунигача иш ўринлари сонини 1000 тага етказиш режалаштирилган.  

“Jizzax оrgаnik” масъуллари билан учрашув давомида МЧЖ экин майдонларини суғоришда муаммолар мавжудлиги билдирилди. Масала туман ҳокимлиги орқали ҳал қилинадиган бўлди.

3- сектор раҳбарининг аҳоли билан мулоқоти аввалида фуқаролиги бўлмаган 6 нафар шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспортлари тантанали равишда топширилди. Шундан сўнг Ғайрат Қодировга туманнинг Ўзбекистон, Ҳамид Олимжон, Нурафшон, Пахтакор, Бунёдкор, Мирзо Улуғбек, Чилонзор маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли ўзларини қийнаётган муаммолар юзасидан мурожаат қилишди. Мазкур жараёнда ишга жойлашиш, нореал қарздорликни бартараф этиш, коммунал қарзни тўлаш, тадбиркорлик фаолиятини юритиш учун кредит, ер майдони, даволаниш учун моддий ёрдам ажратиш, ичимлик суви, табиий газ ва электр таъминотини яхшилаш каби масалалар юзасидан талаб ва таклифлар билдирилди.

Ушбу масалаларни ҳокимлик, ташкилот, корхона ва муассасалар ёрдамида ҳал этиш бўйича келишиб олинди. Яъни, муаммоларни ечимини топиш муддатлари белгиланиб, масъуллар бириктирилди. Тадбир доирасида ижодкор ўқувчилар кўргазмаси уюштирилди.  

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

 

Text to speech