5 минг АҚШ доллари олаётган товламачига жиноий иш қўзғатилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилоят бўйича бўлими ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркордан товламачилик билан пул талаб қилган фуқаро 5 минг АҚШ долларини олаётган вақтда қўлга олинди.
Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаро ўзи раҳбарлигидаги масъулияти чекланган жамиятига олдиндан таниш бўлган маҳалладошини ишга олиши бош оғриғи бўлишини хаёлига келтирмаган эди. Улар бошлиқ ва ёрдамчи сифатида қурилиш, бунёдкорлик ишларида биргаликда меҳнат қилади. Бироқ ёрдамчи ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун жорий йилнинг январь ойида ишдан бўшатилган.
Ишдан бўшатилган таниши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга масъулияти чекланган жамиятнинг фаолиятини ўрганиш ва қонуний чора кўришни сўраб мурожаат қилади. Тадбиркор бунинг сабабини сўраган вақтда маҳалладоши 118 миллион сўм пул ва 2 та қурилиш объекти олиб беришини, акс ҳолда қўлидаги мавжуд далилларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборишини, кейинчалик қурилиш объектлари бўйича камчиликларни кўрсатиб ариза билан мурожаат қилиши билан қўрқитади.
Тадбиркорнинг мазкур ҳолат бўйича мурожаати асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ҳамда вилоят ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказди. Тадбирда тадбиркордан пул талаб қилган фуқаро аризасини қайтариб олиш ва кейинчалик ариза ёзмаслик эвазига 5 минг АҚШ доллари миқдордаги пулларни товламачилик йўли билан олган вақтда қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси ҳузуридаги тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.