Аёлнинг юзи ерга қарайдиган бўлди
21 сентябрь куни кечқурун соат 20.30 да Зарбдор тумани Тараққиёт маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1985 йилда туғилган, тиббиёт муассасасида ишловчи аёл М.М. томонидан содир қилинган жиноят тафсилотлари билан танишар экансиз беихтиёр “Нафс ўлсин, ҳар қандай инсоннинг обрўсини бир пул қилиши ҳеч гап эмас”, деган фикрлар ўтади хаёлингиздан.
Қисқаси, М.М. қўшнисининг уйи дарвозаси очиқлигидан фойдаланиб, турар жой ётоқхонасига кирди. У хонадон эгаларининг пулни қаерда сақлашларини тахмин қилган ҳолда сандиқ қулфини бузиб очди. У ердан 7 миллион 800 минг сўмни олиб, қандай кирган бўлса, шундай чиқиб кетди.
Тунги соат 22.30 да воқеадан хабар топган жабрланувчилар ўша заҳоти ички ишлар органларига мурожаат қилишди. Зудлик билан соҳа вакиллари томонидан тезкор суриштирув ҳаракатлари амалга оширилди. Воқеа жойидан бармоқ излари олинди, ҳудудда яшовчи муқаддам судланган шахсларга эътибор қаратилди. Худди шундай жиноят юз берган турар жойга бемалол кириб чиқадиган фуқаролар билан суҳбатлашилди.
Натижада жиноятни “иссиқ изи”да очишга муваффақ бўлинди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган. Хуллас, ачинишга лойиқ воқеа юз берди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати