Ҳафта_қаҳрамони
Катта лейтенант Раҳматов Дилмурод Боймирзаевич 1987 йил Жиззах вилоятининг Фориш туманида туғилган. Жиззах политехника институтини тамомлаган. Ички ишлар органларида 2013 йилдан, 2015 йилдан буён Фориш тумани ИИБ 13-сонли ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси гуруҳи 121-сонли ички ишлар органлари таянч пункти профилактика инспектори лавозимида хизмат қилмоқда.
Дилмурод Раҳматов қисқа фаолияти давомида бир қатор жиноятларни очишга муваффақ бўлди. Чунончи, яқинда Фориш туманининг Эгизбулоқ маҳалласи ҳудудида бир фуқарога тегишли бозор нархи 48 миллион 500 минг сўмлик 7 бош қорамолни ўғирлаб кетаётган Шароф Рашидов тумани Саройлик маҳалласида яшовчи Р.И.ни қўлга олди.
Суриштирув давомида айбланувчи 2018 йилда ҳам айни шу фуқарога тегишли 8 бош қорамолни ўғирлаб, сотиб юборгани, шунингдек, 2019 йилнинг июнь ойида Эгизбулоқ маҳалласида яшовчи М.Ҳ.нинг 3 бош қорамолини ҳам ўғирлаганлигини тан олган.
Катта лейтенант Дилмурод Раҳматов томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган бир қатор самарали тадбирлар амалга оширилгани сабабли Эгизбулоқ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жорий йилнинг 5 ойида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан жиноятлар сони камайишига эришилган.
Алижон АБДУСАТТОРОВ,
«Postda» мухбири.
Жиззах вилояти.