21 Сентябр 2021 йил 652

Президент фармони асосида афв этилганларга кўмак берилади

Жорий йилнинг 27 август куни Мустақилликнинг 30 йиллик байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, жиззахлик 4 нафар шахслар жазони ижро этиш манзил колонияларидан озод этилиб, ўз яшаш манзилларига қайтарилди. Бир нафарининг жазоси енгиллаштирилди. Жиззах вилояти сектор раҳбарлари озод этилган фуқаролар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммоларини ўргандилар.

Тадбир аввалида жиноят йўлига билиб-билмай кирган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон ва тузалиш йўлига қатъий ўтган шахсларнинг оиласи ва яқинлари бағрига қайтишлари уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топиши учун имконият эканлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, афв этилганларнинг муаммоси ўрганилди. Яшаш уйини таъмирлаш, уй-жой билан таъминлаш ва бандлик каби кўтарилган масалаларни ҳал этиш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.

Тадбирда афв этилган шахсларнинг ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, жамиятда муносиб ўрин топиши учун уларга кўмак беришга қаратилган чоралар белгиланди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech