25 Май 2020 йил 694

 “Ҳақиқий жасорат шу бўлса керак”

Кимнингдир бақираётган овозидан уйғониб кетдим. Енгил кийинганча кўчага отилдим. Профилактика инспекторимиз автоуловидаги овоз кучайтиргич орқали “Сув омбори тўғони бузилган, тезда кетинг, қўшниларингизни уйғотинг, бир неча минутдан кейин сув босади”, дея огоҳлантираётган экан. Болаларни уйғотиб, қўлга илинганини олганча катта йўл томон чопдик.

Кимдир енгил машинасида, яна кимдир юк машинасида кета бошлади. Бировлар тезгина жўнаб қолди, баъзилар бошқаларга ёрдам берди. Маҳалладан узоқлашар эканман, кўзим яна кўчаларни айланаётган профилактика инспекторининг автоуловига тушди. Бир пасда сув ёпирилиб келди. Катта йўл маҳалламиздан юқорироқда жойлашгани учун кўпчилик ўша ерда тўпланганди.

Кўп ўтмай ички ишлар органлари ходимлари етиб келишди. Улар дуч келган автомашинани тўхтатиб, аввал болалар, сўнгра аёллар ва қарияларни кўчира бошладилар. Агар профилактика инспектори ҳаммамизни уйғотмаганида, ички ишлар ходимлари йўлдаги болалар, аёллар, қариялар, борингки, барчани тўғри келган автоуловга чиқариб, жўнатишмаганида нима бўларди, билмайман, ўйласам, қўрқиб кетаман.

Бу воқеани бизга Сардоба тумани, Қўрғонтепа маҳалласида яшовчи Давлат Азимов сўзлаб берди. Умуман олганда, 1 май куни тонгда Сирдарё вилоятининг Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги сув оқимидан зарар кўрган аҳоли пунктларида яшовчилар юқорида тафсилотлари келтирилган воқеага ўхшаш ҳолатларга гувоҳ бўлишди. Айтганча, ўша тонгда қўрғонтепаликларни офат таҳдидидан огоҳ қилган Сардоба тумани ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Отабек Бегматов 11 ва 13 ёшли қизалоқларнинг ҳаётини сақлаб қолди.

— Ички ишлар ходимлари фуқароларни навбатма-навбат кўчиришаётган эди. Шу пайт кимдир “Одамлар оқиб келаяпти”, деб қолди. Профилактика инспекторимиз ўйлаб ўтирмасдан ўзини сувга ташлади. Кўз олдингизга келтиринг, тошқин, қоп-қора сув, ичида оқаётган темир, ёғоч, тош бўлаклари ёки сим танангга тегиб кетса борми? Камига этни жунжиктирадиган совуқ эди. Инспектор болаларнинг олдига етгунча 30 метр оқимни кесиб сузди, қизларни елкасига олгач, оқим бўйлаб ҳаракат қилди ва қуруқ ерга чиқиб олди. Бундай ишни қилишга унча-мунча одамнинг юраги бетламайди, ҳақиқий жасорат шу бўлса керак, — дейди қўрғонтепалик Нодир Сатторов.

Профилактика инспектори томонидан қутқарилган иккала қизалоқ  саломат, шифохонада уларга 11 кун давомида тиббий ёрдам кўрсатилгач, яқинларининг бағрига қайтишди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech