4 Август 2020 йил 534

Қайта жиноятлар содир этилмаслигига масъулмиз

Ички ишлар органлари пробация хизмати ходими ўзига хос маҳорат ва тажриба соҳиби бўлиши керак. Чунки соҳа вакили жиноят содир этиб, жазони очиқда ўтаётган шахслар билан ишлайди. Яна ҳам аниқроғи, пробация хизмати ходими маҳкумни тўғри йўлга қайтариши, қайта жиноят содир этилишининг олдини олиши шарт.

Шу маънода, тизимга кўп йиллик тажрибага эга профилактика инспекторлари, жиноят қидирув бўлими ходимлари ва психологлар жалб этилади. Сўнгра ўқувлар уюштирилиб, уларда маҳкумлар билан ишлашга оид билим ва кўникмалар шакллантирилади. Шунингдек, пробация хизмати ходими давлат ва жамоат ташкилотлари билан яқин ҳамкорлик ўрната олиши зарур.

Боиси соҳа вакилининг асосий вазифаларидан бири назорат остидаги маҳкумни ишга жойлаштиришдир. Яхши маълум, бандлик ҳамда иқтисодий таъминотнинг талаб даражасида бўлиши жиноят содир этилиши эҳтимолини камайтиради. Қолаверса, бирор шахсни кузатувга олиш, назорат қилиш турли ташкилот вакиллари билан фаолият олиб боришни тақозо этади.

Комил ишонч билан айтишим мумкинки, Жиззах вилояти ИИБ пробация бўлими ҳамда шаҳар ва туманлар ички ишлар органлари пробация гуруҳлари шахсий таркиби ана шундай салоҳиятга эга ходимлардан шакллантирилган. Мазкур жамоа саъй-ҳаракати билан пробация хизмати назорати остида турган меҳнатга лаёқатли барча шахсларни ишга жойлаштиришга эришдик. Худди шундай, маҳкумларнинг суд томонидан белгиланган чеклов ва мажбуриятларга амал қилиши, ўзини тутиши, оиладагилари билан муносабати доимий назоратимиз остида.

Ишга психологлар ҳам жалб этилган. Мазкур соҳа мутахассислари ҳар бир маҳкумнинг ижтимоий-психологик портретини тайёрлашмоқда. Ушбу йўналишдаги ўрганишлар натижасида назоратимиздаги маҳкумлар 3 тоифага ажратилди. Яна ҳам аниқроғи, Жиззах вилояти ИИБ пробация бўлими назоратида бўлган 2179 нафар шахснинг 264 нафари жиноятга содир этишга мойил эканлиги, 106 нафарининг жиноят содир этиш хавфи юқорилиги, 1809 нафари тўлиқ тузалиш йўлига ўтганлиги аниқланди. Мазкур маълумот асосида ходимларимиз ҳар бир маҳкумга мос тарзда ёндашмоқдалар. Яъни, жойи келганда назорат тадбирлари кучайтирилаяпти, жойи келганда ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида маҳкумларнинг 36 нафарига имтиёзли кредит, 362 нафарига моддий ёрдам, 2 нафарига биометрик паспорт олинишида, 18 нафарига соғлигини тиклашда кўмак берилди. Пробация назоратидаги шахслар 11 минг 760 ҳолатда ҳуқуқий маслаҳат олдилар. Пандемия туфайли иқтисодий муаммоларга дуч келган 338 нафар маҳкумга ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари билан ҳамкорликда жами 101 миллион 400 минг сўм пул тарқатилди. 4 нафар маҳкум шифохонага жойлаштирилди. 

Табиийки, ўнгланиш йўлига ўтганларнинг жазолари енгиллаштирилмоқда. Хусусан, йил бошидан буён 551 маҳкум жазони намунали ўтаганлиги учун муддатидан олдин шартли озодликка чиқарилди. Аксинча, суд ҳукмида кўрсатилган жазо турларини ўтамасдан, жазодан бўйин товлаб юрган 78 нафар маҳкумнинг жазосини оғирроқ турдаги жазога алмаштириш юзасидан жиноят ишлари бўйича судларга тақдимномалар киритилди. Шу асосда 70 нафар маҳкумнинг жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига, 8 нафар маҳкумники эса оғирроқ турдаги жазога алмаштирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг биринчи ярмида назорат остидаги ҳар бир шахс ҳамда уларнинг оила аъзолари билан суҳбат ўтказдик. Бу жараёнда аниқланган 349 та муаммо ижобий ҳал этилди. Оммавий ахборот воситаларида эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш ҳамда қайта жиноят содир этиш оқибатлари тўғрисида мунтазам чиқишлар қилинмоқда. Бу тадбирлардан кўзланган мақсад ички ишлар органларининг, хусусан, пробация хизматининг ижобий имиджини шакллантириш ҳамдир.   

Айтганча, ҳудудий пробация гуруҳлари илгариги жазони ижро этиш тизимидан фарқли равишда ички ишлар органлари бўлимларида эмас, алоҳида биноларда жойлашган. Бу эса назорат остида бўлган шахсларнинг идораларимизга бемалол кириб-чиқиши, соҳа вакиллари билан эркин мулоқот қилиши учун шароит яратади. Пробация гуруҳлари биноси маҳаллий ҳокимликлар томонидан замон талабларига мос тарзда жиҳозлаб берилган. Қисқаси, қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш, адашган инсонларни тўғри йўлга қайтариш учун барча имкониятларга эгамиз.  

 

Лазиз ИСАЕВ,

Жиззах вилояти ИИБ пробация бўлими

бошлиғи, подполковник.

Text to speech