Ғаллаорол туманида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган профилактика тадбирлар ўтказилди
Ғаллаорол туманида “Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш ойлиги” доирасида бўлиб ўтган тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходимлари томонидан туман ички ишлар органлари ва соҳа ходимларининг кунлик фаолияти ўрганилиб, таҳлил этилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Шундан сўнг соҳа вакиллари Маданият қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган 27 умумий ўрта таълим мактабига ташриф буюриб, вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш бўйича суҳбатлар олиб боришди.
Шунингдек, Олимлар ҳамда Бахт маҳалла фуқаролар йиғинида хизмат вазифасини бажариб келаётган профилактика инспекторларининг иш ҳужжатларнинг юритилиши, яратилган шарт-шароитлар ўрганилди. Худди шундай, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар томонидан ҳам “Аёллар дафтари” рўйхати бўйича ҳудудда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Айтиш жоизки, мазкур тадбирлар доирасида жиноят муҳокамалари ҳам ўтказилиб келинмоқда. Чунончи, Оқтош маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида бўлиб ўтган шундай тадбирда маҳалла аҳли, вилоят ички ишлар бошқармаси, ҳокимлик, ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакиллари иштирок этишди.
Йиғилиш аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошлиғининг ўринбосари содир этилган жиноят тафсилотига тўхталиб ўтди. Маълум бўлишича, Самарқанд шаҳрида доимий рўйхатда туриб, Ғаллаорол тумани Оқтош сув истеъмолчилари уюшмасидаги “Оқтош голден Самарқанд” боғдорчилик фермер хўжалиги дала уйида вақтинчалик яшаб келаётган 1982 йил туғилган эркак кечги соат 19:00 лар атрофида спиртли ичимлик истеъмол қилиб, хотини билан жанжаллашиб қолган. Шундан сўнг аёл эрини уйқуга кетишини кутган ва уйқудаги эркакни ёстиқ билан нафас йўлларини тўсиб, унинг жонига қасд қилган.
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Тадбирда сўз олганлар жиноят тафсилотларини баён этиши билан бирган сўнгги йилларда спиртли ичимлик оқибатида ҳуқуқбузарликлар сонининг ошиб кетаётганлиги, бу турдаги қоунбузарликларнинг сабаб ва омиллари, қишлоқ фуқаролар йиғинида ноқонуний алкагол маҳсулотларининг сотувига йўл қўймаслик бўйича фикр муносабатларини билдириб ўтишди. Бундан ташқари йиғилишда ҳар қандай жанжалли масалаларни кучи ёрдамида эмас, қонун посбонлари кўмагида ҳал қилиш зарурлиги уқтирилди.
Маълумот ўрнида айтадиган бўлсак, туманда “Ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва хизмат фаолиятини такомиллаштириш ойлиги” тадбирлари давомида 70 га яқин ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 14 нафар шахслар профилактик ҳисобга олинди.
Дарвоқе, мазкур тадбирлар доирасида ҳудудлардаги эҳтиёжманд оилаларга ҳам моддий ёрдам кўрсатиш чоралари кўриб келинмоқда.
Қисқаси, Ғаллаорол туманида бу каби йўналишдаги ишлар давом эттирилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати