28 Январ 2021 йил 2439

Қалтис қилмиш оқибати

Айрим инсонлар баъзида пул топиш илинжида ножўя ва хавфли ишларга қўл уришади. Чунончи, жорий йилнининг 26 январь куни Ғаллаорол туманининг Булоқбоши қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 4 нафар фуқаро ҳудуддаги тоғдан ноқонуний равишда олтинли рудани қазишга киришадилар. Мазкур жараёнда уларни тош босиб қолган. Оқибатда йигитларнинг 2 нафари воқеа жойида вафот этди, икки нафари эса шифохонанинг жонлантириш бўлимида. Мазкур фожиа муносабати билан Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасининг масъуллари томонидан муҳокама уюштирди.

Ғаллорол туманидаги 84-сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтказилган муҳокамада ҳудуд фаоллари, нуронийлар ва ёшлар иштирок этдилар. Тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Мансур Сатторов амалдаги қонунчиликка асосан фойдали қазилмаларни лицензиясиз қазиб олиш, худди, шунингдек, олтин изловчилар усулида лицензиясиз қазиш жавобгарликка сабаб бўлишини таъкидлади.

Муҳокамада маълум қилинганидек, 26 январь куни “Булоқбоши” қишлоқ фуқаролар йиғини Авлиё қишлоғида яшаган тўрт нафар фуқаро аҳоли яшаш жойидан тахминан 7-8 км. узоқликда жойлашган тоғдан ўзларини хавф остига қўйиб, тоғ бағрига 12-15 метр қазиб кириб руда олишаётган пайтда тош фуқароларни босиб қолган. Бунинг оқибатида икки нафар фуқаро чуқурдан чиқа олмасдан вафот этган. 2 нафари эса турли хил даражадаги синиш ва бошқа тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Муҳокамада таъкидландики, 2017 йилдан то шу кунга қадар ушбу тоққа чиқиб, ноқонуний равишда таркибида қимматбаҳо олтин зарралари бор бўлиши мумкин бўлган руда тошларни талон-тарож қилганлик ҳолати бўйича бир неча фуқаролар жавобгарликка тортилган. Бироқ айрим фуқаролар ўзларини мазкур ноқонуний хатти-ҳаракатлардан тия олишмаяпти.  

Тадбирда бу каби қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйиш, мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, яратилаётган бўш иш ўринлари ва тадбиркорликни янада ривожлантиришга қаратилган эътибор, берилаётган имкониятлардан фойдаланиш хусусида сўз борди. Шунингдек, ёшларни тадбиркорликка жалб этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам белгиланди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech