Ҳам зўрлик, ҳам шармандаликми?
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Дўстлик тумани Ғафур Ғулом маҳалласида вақтинча рўйхатда турувчи, 1984 йилда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган Камолиддин Асқаров ҳамда унинг амакиси 1994 йилда Фарғона вилоятининг Бувайда туманида туғилган, Дўстлик туманида яшовчи Миродил Ўрозалиевнинг ички ишлар органлари ходимларидан норозилиги акс этган видеомурожаати тарқалди. Уларнинг билдиришича Камолиддин Асқаров турмуш ўртоғини туртганлиги учун ички ишлар органлари ходимлари унга нисбатан жисмоний тазйиқ қўллашган.
Аслида ички ишлар органлари ходимлари томонидан куч қўлланилмаган. Камолиддин Асқаровнинг танасидаги кўкаришга келадиган бўлсак, дастлабки суриштирувларга кўра, кўкариш Камолиддин Асқаров томонидан дўппосланган турмуш ўртоғининг қаршилиги ортидан юзага келган.
Яъни, жорий йилнинг 5 октябрь куни соат 20.30да Камолиддин Асқаров турмуш ўртоғини аёвсиз дўппослаган, аёлини юз тубан ётқизиб, кўкрак қафасига ўтирганича ички кийими билан қайта-қайта бўғиб, ҳушидан кетгазган. Хуллас, Камолиддин Асқаров аёлини 4 соат давомида азоблаган. Жабрланувчининг билдиришича, бу жараёнда кўзи косасидан чиқиб кетишига оз қолган, оғзидан қон отилиб чиққан.
Шунингдек, у пичоқ ўқталиб, ички ишлар органларига шикоят қилса ва қамаладиган бўлса, чиқиши билан уни ўлдиришини айтиб қўрқитган. Ушбу ҳолат юзасидан ички ишлар органларига жабрланувчининг акаси мурожаат қилган ва аёл тиббий ёрдам олган. Шу сабабли аёлга “Ҳимоя ордери” берилган.
Ўз навбатида зўравон ўзига нисбатан жазо қўлланилиши мумкинлигини тахмин қилиб, амакиси ёрдамида ички ишлар органлари ходимларига туҳмат қилишгача бориб етди.
Айни вақтда воқеа юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳар қандай ҳолатда масалага суд ойдинлик киритади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати