Ҳамкорликда “тозалаш” тадбирлари ўтказилди
Тадбирлар аввалида ички ишлар органлари ва Миллий гвардия соҳавий хизматлари вакиллари, ўзини ўзи бошқариш органлари фаоллари кун давомида амалга оширадиган ишларини белгилаб олишди. Шундан сўнг гуруҳлар турар ва нотурар жойлар, аҳоли тўпланадиган ҳудудлар, қаровсиз иншоотларда босқичма-босқич бўлиб, аҳоли тинчлиги ва осойишталигига хавф туғдирадиган омилларини бартараф этиш чораларини кўрдилар.
Бу жараёнда асосий эътибор тез-тез жиноят содир этиладиган ҳудудларга қаратилди. Чунончи, паспорт ва виза тартиботига оид қонунбузарликлар, ноқонуний ўқ отар қуроллари, муқаддам олиб қочилган, ўғирланган, узоқ муддат қаровсиз қолдирилган, эгасиз автотранспортлари аниқлаш чоралари кўрилди.
Тозалаш тадбири давомида профилактик ҳисобда турганлар - ҳуқуқбузарлик содир этган ёки жиноятга мойил бўлганлар, дайдилик ва тиланчилик билан шуғулланувчилар, назоратсиз ва қаровсиз қолдирилган вояга етмаганлар, ахлоқ меъёрларига амал қилмайдиганлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди.
Тадбир доирасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш, хонадонлар ва объектларни қўриқловга топшириш, ҳудудлар ва иншоотларни видеокузатувга олиш, аҳоли огоҳлигини ошириш бўйича тарғибот тадбирлари ҳам уюштирилди. Қисқаси, ўтказилган тадбирлар сўнггида кузатилган барча муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли идораларга тақдимномалар киритилди.
Хуллас, соҳа вакиллари томонидан жойларда бу каби тадбирлар давом эттирилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати