6 Январ 2021 йил 658

Ҳар қандай жиноятнинг оқибати бор

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Ғаллаорол туманининг Маржонбулоқ шаҳарчасида оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда секторлар масъуллари, шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимлари бошлиқларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосарлари, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари, Ғаллаорол туманидаги маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва Маржонбулоқ шаҳарча фуқаролар йиғини аҳолиси вакиллари қатнашдилар.

 Тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқиб, 2020 йилда вилоятда рўй берган айрим жиноятлар тафсилотларига тўхталиб ўтди. Нотиқ, шунингдек Маржонбулоқ шаҳарчасида содир бўлган оғир тан жароҳати етказиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолат тўғрисида атрофлича маълумот берди.

Аён бўлишича, жорий йилнинг 3 январь куни тунги соат 23.30.да Ғаллаорол туманининг Лалмикор маҳалласида яшовчи маст эркак Маржонбулоқ шаҳарчасида истиқомат қилувчи аёлга ножўя таклиф билан тегажоқлик қилади. Аёл бўлса унга ошхона пичоғи билан бир нечта зарба берган. Оқибатда эркак туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилди. Айбланувчи эса ҳибсга олинган.  

Шунингдек, йиғилишда Жиззах вилояти прокурори Исломжон Эргашходжаев бу каби жиноятларни келтириб чиқарувчи омиллар тўғрисида фикр билдирди. Хусусан, аҳолини иш билан таъминлаш, муқаддам жиноят содир этганлар, профилактик ҳисобда турганлар, нотинч оилалар вакилларининг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этишга оид мулоҳазалар баён қилинди. Таъкидлаш керак, жойларда содир бўлган ҳар бир жиноят секторлар масъуллари иштирокида муҳокама қилиб борилмоқда.  

Йиғилиш якунида масъул давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган ҳамкорлигини янада кучайтириш чоралари белгилаб олинди. Тадбир доирасида вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси вакиллари томонидан ис газидан заҳарланишининг олдини олишга қаратилган тарғибот уюштирилди.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.  

 

Text to speech