Арнасойлик ёшлар IT parkка саёҳат уюштирди
Арнасой туманидаги ўрта умумтаълим ҳамда касб-ҳунар мактабларининг бир гуруҳ ўқувчилари Жиззах шаҳридаги IT park ҳамда Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг Ҳамид Олимжон ва Зулфия филиалида бўлишди. Мазкур саёҳат вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан ташкил этилди.
Ўтган ҳафтада Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Арнасой туманида сайёр қабул ҳамда ёшлар билан учрашув ўтказган эди. Мазкур мулоқот давомида ёшлар томонидан туманда IT park фаолиятини йўлга қўйиш, гимнастика машғулотларини ташкил этиш, журналистика тўгарагини очиш, интернет тармоғига уланиш, юртимизнинг диққатга сазовар манзиллари, хусусан Жиззах шаҳридаги IT parkка саёҳат уюштириш каби қатор таклифлар билдирилди.
Шу маънода, вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан Арнасой туманидаги ўрта умумтаълим ҳамда касб-ҳунар мактабларининг бир гуруҳ ўқувчиларининг Жиззах шаҳрига саёҳати ташкил қилинди. Ёшлар дастлаб вилоят ҳокимлига кенгашлар уйидаги IT parkда бўлдилар. Бу ерда улар парк имкониятлари билан яқиндан танишишди.
Айтиш жоиз, мазкур IT parkда ёшлар компьютер саводхонлиги, веб дастурлаш, мобиль илова яратиш, мобил робототехника, график дизайн, кибер спорт, IT english йўналишларида билимларини оширишлари мумкин. Тадбир жараёнида бизнес ғоялар ва лойиҳаларни амалга ошириш, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, ҳамкорлар топиш ҳамда флирансерлик фаолияти бўйича тушунчалар берилди.
Арнасойлик ёшлар Жиззах вилояти тарихи ва маданияти давлат музейининг Ҳамид Олимжон ва Зулфия филиалида ҳам бўлишди. 1826 та экспонатга эга мазкур музейда Ҳамид Олимжон ҳамда Зулфиянинг ҳаёти ва ижоди ҳақида батафсил маълумот берилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.