Асар қаҳрамони билан юзма-юз
Жиззах вилояти ИИБ томонидан 1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни ҳамда болажонларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказишлари, ўниб келаётган авлоднинг баркамол бўлиб етишлари, уларни ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш мақсадида қатор тадбирлар ташкил этилди.
Хусусан, вилоят мусиқали драма театрида хизмат вақтида вафот этган ходимлар, вилоят ИИО таркибий тузилмалари ва ҳудудий бўлинмалари ходимларининг оила аъзолари ва фарзандлари ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари учун театр томошалари уюштирилди. Тадбирда театр ижодий жамоаси томонидан болаларнинг севимли адиби, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Худойберди Тўхтабоевнинг “Сариқ девни миниб” асари қаҳрамонлари саҳнада жонлантирилди.
Саҳна асарида бош қаҳрамон Ҳошимжоннинг сеҳрли қалпоқча ёрдамидаги ажойибу ғаройиб ишлари, бири биридан қизиқ ҳолатлар, кулгили вазиятлар, саргузаштлари актёр ва актрисалар томонидан маҳорат билан ижро этилди. Бу ўз навбатида ёш томошабинлар кўнглидан чуқур жой эгаллаб, дангасалик ва ёлғончилик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаслигини идрок этишлари замин яратди.
Мазкур театр томошасидан сўнг қизиқарли викторина ўтказилди. Жараёнда ўзларининг истеъдод ва иқтидорларини намойиш этган болажонлар эсдалик совғалари билан тақдирланишди. Қисқаси, улғайиб келаётган ёш авлодни маънан бой, жисмонан соғлом ва ахлоқан пок бўлиб вояга етказишга қаратилган тадбир болаларга қувонч улашди.