Автомашина ўғирлигини фош этган ходим рағбатлантирилди
Жорий йилнинг 4 декабрь куни тонгги соат олтиларда Дилором маҳалласида “Нексия” русумли автомашина ўт олдирилиб қаровсиз қолдирилиши оқибатида номаълум шахс томонидан олиб қочилган. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан кўрилган тезкор тадбирларда автомашина Самарқанд маҳалласи ҳудудидан топилди.
Мазкур жиноятни содир этган шахсни аниқлаш ва қонуний чора кўрилишини таъминлашда туман ички ишлар бўлими, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори Рустам Мухторов жонбозлик кўрсатди.
Чунончи, 5 декабрга ўтар кечаси соат 03:40 ларда Дўстлик маҳалласида бемақсад юрган шахс профилактика инспекторининг эътиборини тортади. Зафаробод туманида яшовчи ушбу шахс туман ички ишлар бўлимига олиб келиниб тинтув қилинганда унинг чўнтагидан олиб қочилган автоуловнинг калити топилади. Маълум бўлишича, у “Нексия”ни олиб қочиб, ёқилғиси тугагач ташлаб кетган.
Пахтакор тумани ички ишлар бўлимида ўтган тадбирда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров қонунбузарни қўлга олишда жонбозлик кўрсатган профилактика инспектори, лейтенант Рустам Мухторовга миннатдорлик билдирди. Ходимнинг ўз вазифасини бажариши ва ютуқларга эришишида оиладаги муҳитнинг ўрни айтилиб, ходимнинг ота-онаси қимматбаҳо совға билан тақдирланди.
Мазкур йиғилиш давомида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи туманда жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хизмат интизоми ва қонунийликни таъминлаш хусусида сўз юритди. Жорий йилнинг ўтган даврида содир этилган жиноят турлари, уларнинг содир этилиши сабаблари ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди. Шунингдек, хотин-қизлар, ёшлар ва вояга етмаганлар иштирокидаги қонунбузарликлар, жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирлар ҳам атрофлича муҳокама этилди.
Йиғилишда ички ишлар органлари пробация гуруҳи назоратида турган шахсларни ижтимоий мослаштириш, уларнинг такроран жиноят содир этишларига йўл қўймаслик, бу борада амалга оширилиши лозим бўлган ишлар ҳам кўриб чиқилди. Ички ишлар органлари тизимида кечаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар тилга олинди.
Хусусан, тизим моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг хизмат шароитларини яхшилаш, турар жой билан таъминлаш каби имтиёзлар қайд этилди. Бундан ташқари ходимларнинг касбий кўникмаларини ошириш, фуқаролар билан муомала маданиятини яхшилаш, хизмат интизомига қатъий риоя этиш, тамагирлик ва бошқа салбий ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги уқтирилди.
Тадбирда 3- сектор ҳудудида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, йўлларни таъмирлаш, электр энергияси ва табиий газ билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати