20 Август 2020 йил 515

Аввал қонуний талабга бўйсунмади, кейин пора таклиф қилди (Ҳайдовчи ЙПХ ходимига пора таклиф қилди)

Жорий йилнинг 16 август куни Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган 4 Р-38 йўлининг 810-километрида хизмат олиб бораётган Жиззах вилояти ИИБ ЙҲХБ йўл-патруль хизмати ходими “Nexia” русумли автоулов ҳайдовчисига тўхташ ишорасини берган. Аммо ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабига бўйсунмасдан ҳаракатда давом этади.

Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан “Nexia” кузатиб борилиб, тўхтатилди. Қоидабузар ҳайдовчи Самарқандлик фуқаро К.К. бўлиб чиқди. Табиийки, ЙПХ ходимлари тегишли тартибда баённома расмийлаштириш ҳамда автоуловни жарима майдонига қўйиш чораларини кўра бошладилар.

Воқеанинг бундай ривожланиши фуқаро К.К.га маъқул келмади ва қонун посбонларининг ҳолатдан кўз юмишлари учун 400 минг сўм пора таклиф қилди. Йўл-патруль хизмати ходими ҳайдовчининг ушбу хатти-ҳаракати қонунга зид эканлигини билдирди. Аммо қоидабузар пора таклиф қилишда давом этди.

Қисқаси, Жиззах шаҳри ҳудудидаги жарима майдонида йўл-патруль хизмати ходимига 400 минг сўм пора берган фуқаро К.К. ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах бўйича бўлими ва прокуратура ходимлари томонидан жиноят устида ушланди.      

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 211-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. 

Шу ўринда фуқароларимизга эслатиб ўтсак, пора бериш ҳам олиш ҳам жиноятдир.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

 

Text to speech