4 Август 2020 йил 598

Бахмалда “COVID-19” профилактикаси жадал уюштирилмоқда

Бахмал тумани ички ишлар бўлими ходимлари томонидан жорий йилнинг 2 август куни соат 17:16 ларда Ўрмонча маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида карантин қоидасини бузиш ҳолати аниқланди. Яъни, шу маҳаллада истиқомат қилувчи 1963 йил туғилган фуқаро дала ҳовлисида мижозларга хизмат кўрсатиб келган. Ҳолат юзасидан соҳа ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилди.

Албатта, бу каби қоидабузарликларнинг олдини олиш ва келгусида содир этилишига йўл қўймаслик, коронавирус инфекциясининг ҳудудга кириб келиши ва тарқалишига қарши кескин кураш олиб бориш юзасидан туман ички ишлар бўлими ходимлари томонидан қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Хусусан, эпедиомологик вазият барқарорлигини сақлаш мақсадида ташкил қилинган блок постларда назорат учун жалб этилган ходимлар томонидан туманга кириб келаётган ҳайдовчи ва йўловчиларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари текширувдан ўтказилиб, ичкарига туманда яшовчи фуқароларгина қўйилмоқда. Шунингдек, постларда автоуловларнинг ташқи ва ички қисмлари дезинфекция қилиняпти.

Дарҳақиқат, ички ишлар ходимлари қишлоқ ва маҳаллалар ҳудудлари ҳамда корхона, ташкилот ва муассасаларда бўлиб, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қонунбузарликларнинг олдини олиш, карантин қоидаларига амал қилиш бўйича фуқароларга тушунчалар бериб келишмоқда ва шу билан бирга туманнинг марказий кўчаларида зарарсизлантириш ишларини олиб боришда ташаббуслар кўрсатаётир.

Қисқаси, туманда коронавирус пандемиясига қарши профилактик тадбирлар режага мувофиқ олиб борилмоқда. Албатта, бу дегани хотиржамликка берилишни эмас, ҳар биримиздан огоҳликни, ўз соғлигимизни асраган ҳолда ўзгалар соғлигини ҳам хавфга қўймасликни талаб қилади.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech