Байрам муносиб нишонланди
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда 14 январь – Ватан ҳимоячилари куни тантанали равишда нишонланди. Тадбир аввалида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан Ички ишлар вазирининг байрам табригини ўқиб, эшиттирди.
Шунингдек, бошқарма бошлиғи мамлакатимиз мудофаа қудратини кучайтиришга қаратилган ислоҳотлар, хусусан Қуролли Кучларимизнинг муҳим асоси бўлган ички ишлар органлари тизимида юз бераётган ўзгаришлар тўғрисида тўхталиб, шахсий таркибни байрам билан табриклади.
Тантана давомида мамлакатимиз раҳбарининг 2022 йил 13 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 30 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармони асосида “Шуҳрат” медали билан тақдирланган вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ патруль-пост хизмати батальони командири, подполковник Умар Қодиров қутланди.
Шунингдек, бир гуруҳ ходимларга “Ўзбекистон Қуролли Кучларига 30 йил”, “Аъло хизматлари учун”, “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари, фахрий ёрлиқ ҳамда совғалар топширилди. Соҳанинг яна бир қанча вакиллари навбатдаги махсус унвонларни қабул қилиб олдилар. Якунда вилоят ички ишлар органларининг ёш ходимлари ўртасида бўлиб ўтган “Энг яхши китобхон” кўрик-танлови ғолиблари диплом ва эсталик совғалари билан рағбатлантирилди.