Беқиёс ўрни бор
Сизларни бугунги тарихий ва табаррук кунлардан бири бўлган қутлуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Бирлашган таҳририятининг нашри «Postda» ва «На Посту» газеталари ташкил этилганлигининг 90 йиллиги муносабати билан Жиззах вилояти Ички ишлар бошқармаси шахсий таркиби, Фахрийлар кенгаши ва шахсан ўз номимдан самимий муборакбод этаман.
«Postda» ва «На посту» газеталари ўзининг кўп йиллик тарихи ва тажрибасига эга бўлиб, бугунги кунда мамлакатимизда ва республика ички ишлар органларида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маданий ислоҳотлар тўғрисидаги ахборотларни шахсий таркибга тезкор ва холисона етказиш, ходимларнинг маънавиятини ва ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳамда ҳуқуқий билимларини юксалтириш, қонунчилик тарғиботини амалга ошириш, ёш ходимларни Ватанга садоқат ва қасамёдга содиқлик руҳида тарбиялаш, халқ орасида ички ишлар органларининг шаъни ва обрў-эътиборини юксалтиришда уларнинг ўрни беқиёсдир.
Газеталарда ички ишлар органлари ходимларининг машаққатли ва шарафли хизмати, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни таҳлилий ёритиш, хорижий давлатлар ички ишлар тизимлари фаолиятига бағишланган материаллар, бадиий иқтидорга эга ходимларнинг ижоди ҳамда кун қаҳрамонлари хизмат фаолияти намуналаридан чоп этиб борилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида хизмат қилиб келаётган ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолиятини, шунингдек жаҳонда ва мамлакатимизда содир бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёнлар, воқеа-ҳодисалар, маданият, маънавият, спорт ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги янгиликлар ҳақида ҳаққоний маълумотларни етказиш борасидаги фидокорона меҳнатларингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Ғайрат ҚОДИРОВ,
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи,
генерал-майор