Биринчи босқич якунланди
Гиёҳванд моддалар организмга тушиши билан мия фаолиятига салбий таъсир кўрсатади, бора-бора инсон шу иллатнинг қулига айланади. Наркотик моддаларга қарамлик саломатлик ва руҳият инқирозига сабаб бўлади. Гиёҳвандлар ўзларининг носоғлом эҳтиёжларини қондириш мақсадида оғир жиноятларга қўл уришади, улар учун ахлоқ чегаралари йўқолади. Қаерда бу иллатга қарши курашилмаса, ўша жамият тубанликка юз тутади.
Шу маънода, дунёдаги аксар давлатлар сингари мамлакатимизда ҳам гиёҳвандликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, ички ишлар органлари ходимлари мунтазам равишда гиёҳванд моддалар етиштириш, тарқатиш, сақлаш билан боғлиқ жиноятларга қарши курашмоқдалар.
Аниқ мисолларга келадиган бўлсак, жорий йилнинг ўтган даврида Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан “Қорадори - 2020” тадбирлари доирасида бир қатор жиноятлар фош этилди. Жумладан, соҳа вакиллари Зомин туманининг Бирлик маҳалласида яшовчи, 1964 йилда туғилган фуқаро томорқасида 97 туп кўкнори парваришлаётганлигини аниқлашди. Фориш туманининг Янгиобод қишлоғида яшовчи фуқаро эса 41 туп марихуанани томорқасидаги тут дарахти остида ҳамда хашак сақлаш учун мўлжалланган қўшимча иншоотда етиштираётгани аён бўлди.
Зарбдор туманининг Ойбек маҳалласида яшовчи, 1955 йилда туғилган фуқаронинг қилғилиқлари ҳаммасидан ошиб тушди. У томорқасида 561 туп марихуана етиштираётганлиги маълум бўлди. Ушбу фуқарога тегишли қўшимча иншоот текширилганида 292 грамм қуритилган марихуана ҳамда 271 грамм заҳри қотил уруғлари олинди.
Худди шундай, Шароф Рашидов туманининг Мўлканлик маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган фуқаро томорқасида 41 туп кўкнори экиб, парваришлаган. Ушбу шахс кўкнориларнинг 5 тупини тувакларда ўстирган. Янгиобод туманининг Янгиобод шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи 1968 йил туғилган шахс бўлса ҳовлисидаги экинлари орасида 83 туп кўкнорини парваришлаб келган. Унинг ҳаммомидан 116 грамм кўкнор гиёҳвандлик моддаси топилди.
Ички ишлар органлари ходимлари вилоятнинг Пахтакор туманидаги Ғалаба маҳалласида ўтказилган “Қорадори - 2020” тадбири давомида автотранспортларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси чордоғидан қуритиш қўйилган 411,5 грамм марихуанани топишди. Бундан ташқари соҳа вакиллари вилоятнинг чўл туманларидаги дала майдонларида қаровсиз ҳолда ўсаётган марихуаналарни йўқ қилиш чораларини кўришаяпти. Хусусан, Дўстлик туманининг Қосим Раҳимов номидаги сув истеъмолчилар уюшмаси таркибидаги фермер хўжалиги даласида 600 туп, Саркисов сув истеъмолчилари уюшмаси таркибидаги фермер хўжалиги даласида 96 туп, Арнасой туманида Бухоро сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги фермер хўжалиги экин майдонида 35 туп марихуана йўқ қилинди.
Гиёҳванд моддаларни сақлаш ва ўтказиш билан боғлиқ жиноятларни фош этишга қаратилган чораларнинг кучайтирилиши ҳам ўз натижасини бераётир. Чунончи, Шароф Рашидов тумани, Тошкентлик маҳалласи, Яккабоғ кўчасида ҳаракатланаётган “Ласетти” тўхтатилганида автоулов йўловчисининг ёнидан 11 та гугурт қутисига жойланган, оғирлиги 22,51 грамм марихуана гиёҳвандлик моддаси топилди. Бахмал тумани, Нурафшон маҳалласида яшовчи, 1970 йилда туғилган шахснинг турар жойи кўздан кечирилганида эса иккита полиэтилен идишда 85,52 грамм кўкнори гиёҳвандлик воситаси сақланаётганлиги аён бўлди. Шунингдек, Арнасой туманининг Олтин Водий қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи 1979 йилда туғилган фуқаро 123 грамм марихуана гиёҳвандлик моддасини 450 минг сўмга сотаётган вақтда қўлга олинди.
Жорий йилнинг 30 июнида республикамизда “Қорадори - 2020” тадбирининг биринчи босқичи якунланди. Бу даврда Жиззах вилояти ички ишлар органлари ходимлари томонидан 16 ҳолатда наркотик моддаларни ўтказиш, 34 ҳолатда гиёҳванд моддаларни сақлаш, 28 ҳолатда гиёҳванд экинларни экиш билан боғлиқ жиноятлар фош этилди. Бу йўналишдаги қонунбузарликларнинг олдини олиш ва рўй берган жиноятларни очиш учун барча имкониятларни ишга солмоқдамиз.
Шуҳрат САТТОРОВ,
Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармасининг
гиёҳвандлик моддалари ва психотроп воситаларининг
ноқонуний айланишига қарши курашиш бўлими
катта тезкор вакили, капитан.