22 Сентябр 2020 йил 697

Босқинчилар ушланди, улар орасида жабрланувчининг куёви бўлган

Жорий йилнинг 12 сентябрга ўтар кечаси соат 3.30ларда Жиззах шаҳри Халқобод маҳалласида яшовчи, 1972 йилда туғилган уй бекаси Ф.М.нинг турар жойида босқинчилик рўй берди. 3 нафар ниқоб таққан йигитлар жабрланувчи яшайдиган уй деворидан ошиб кириб, Ф.М. ҳамда унинг 1998 ҳамда 2017 йилларда туғилган қизларини пичоқ билан қўрқитишган ва пул талаб қилганлар. Бу жараёнда босқинчилар жабрланувчиларни уриб, юз ва таналарига жароҳат етказишган.

Улар уйдаги темир сейфни бузиш йўли билан очиб, 207 минг АҚШ доллари, 3 дона тилла билакузук, 5 дона тилла узук, 2 дона тилла зирак, 2 дона тилла занжирни олиб чиқиб кетишган. Умуман олганда Ф.М.га етказилган зарар 267 минг АҚШ долларини ташкил қилди.     

Жабрланувчи бу тўғрида ички ишлар органларини огоҳ этгач, тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилди. Жумладан, пул ва тилла буюмлар борлигидан хабардор кишиларнинг жиноят рўй берган вақтда қаерда бўлганлиги аниқланди. Тилла тақинчоқлари сотилиши мумкин бўлган жойларга эътибор қаратилди. Ҳудуддаги видеокамералар тасвирлари ўрганилиб, муқаддам судланганлар, жиноятга мойил шахслар билан суҳбатлар ўтказилди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар натижасида жиноятни Тошкент шаҳри Олмазор тумани Қорақамиш даҳасида яшовчи, муқаддам судланган, 1993 йилда туғилган С.Х., худди шу манзилда яшовчи, муқаддам судланган, 1994 йилда туғилган Ш.Р., Тошкент шаҳри Сирғали тумани Қурувчилар даҳасида яшовчи, 1996 йилда туғилган А.Х., Тошкент вилояти Зангиота тумани Назарбек ҚФЙда яшовчи, 1995 йилда туғилган, муқаддам судланган А.А. ҳамда Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонида яшовчи, муқаддам судланган 1995 йилда туғилган А.У.лар содир этганликлари аниқланди.

Айтганча, турар жойда пул ва тақинчоқлар сақланаётганлигини жиноий гуруҳ аъзоси, 1996 йилда туғилган А.Х. яхши билган. Чунки у жабрланувчининг 1998 йилда туғилган  қизи билан бир муддат шаърий никоҳ асосида яшаган.

Хуллас, айни вақтда айбланувчилар ҳибсга олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech