20 Август 2020 йил 701

Ёлғон маълумот билан жавобгарликдан қочишга уринманг

Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чуст тумани Олмос қишлоғида яшовчи, 1985 йилда туғилган Гулмира Илёсованинг Жиззах вилояти Фориш тумани ИИБ ходимлари ўзи ҳамда акаси Мирзаолим Илёсовга тан жароҳати етказганлиги тўғрисидаги видеоматериал тарқалди. Аслида воқеа видеоматериалда баён қилинганидек эмас.

Дастлаб, Мирзаолим Илёсов ва Гулмира Илёсоваларнинг ички ишлар органлари ходимларига учрашишларига сабаб бўлган воқеа хусусида тўхталиб ўтсак. 2020 йил 5 июль куни Мирзаолим Илёсовнинг 1990 йилда туғилган шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғи Ш.М. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, Мирзаолим Илёсов Ш.М.нинг биринчи турмушидан 2012 йилда туғилган ўғли ҳамда отаси Мирзаолим Илёсов бўлган, 2018 йилда туғилган ўғлига эри мунтазам равишда тазйиқ ўтказганлигини, уларни турли усулларда қийнаганлигини, жумладан, бошига қайноқ сув қуйганлигини, болаларни ўлдиришини таъкидлаб келганлигини билдирган.

Худди шундай, Ш.М. 2020 йилнинг 5 июль куни шаърий турмуш ўртоғи Мирзаолим Илёсов 2018 йилда туғилган фарзандини қасддан ҳашаротларга қарши ишлатиладиган “Нурель” кимёвий воситаси билан заҳарлаганлигини маълум қилган. Дарҳақиқат, Мирзаолим Илёсов ва Ш.М.нинг 2018 йилда туғилган ўғли М.М. заҳарланиши оқибатида Фориш тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ш.М.нинг мурожаати асосида воқеа жойига Фориш тумани ИИБ тергов тезкор гуруҳи етиб борган. Суриштирувлар жараёнида туман тиббиёт бирлашмасига ҳудуд профилактика инспектори томонидан Мирзаолим Илёсов олиб келинади. Бу пайтда Мирзаолим Илёсов маст ҳолатда бўлган. Буни ўтказилган тиббий кўрик ҳам тасдиқлади.

Тиббий кўрикдан ўтказилган Мирзаолим Илёсов Фориш тумани ИИБга олиб келинади. Лекин Мирзаолим Илёсов ўзини билмайдиган даражада маст бўлгани туфайли сўроқ қилинмайди. 6 июль куни Мирзаолим Илёсов ўзига келгач, сўроқ қилинади. Мазкур жараёнда Мирзаолим Илёсов ўзини ёмон ҳис қилаётганини билдиради. Шу сабабли Фориш тумани тиббиёт бирлашмасида қайта тиббий кўрикдан ўтказилиб, қўйиб юборилади. Тиббий кўрик Мирзаолим Илёсовнинг танасида тан жароҳатлари йўқлигини, амалий соғлом эканлигини тасдиқлайди.

7 июль куни эса мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар Фориш тумани прокуратурасига юборилади. Ҳолат прокуратура томонидан ўрганилиб, 5 августда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110- моддаси 2- қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Энди ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоматериалда аслида қандай воқеа акс этганлигини баён қилсак. 2020 йил 12 август куни жиноят иши бўйича гумонланувчи Мирзаолим Илёсов сўроқ қилиш мақсадида Фориш тумани ички ишлар бўлимига чақирилади. Лекин Миразолим Илёсов соат 18 лар атрофида туман ИИБга етиб келади. 

Мирзаолим Илёсов олиб кирилаётган вақтда унинг синглиси Гулмира Илёсова ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаса-да Мирзаолим Илёсовнинг қонуний вакили эканлигини даъво қилиб, тергов ҳаракатларида уяли телефондан фойдаланган ҳолда видеотасвирга олиб иштирок этишини маълум қилган.

Ўз навбатида ички ишлар органлари ходимлари Гулмира Илёсованинг туман ички ишлар бўлимига киришига эътироз билдиришмайди. Лекин уяли алоқа воситасини маъмурий бинога олиб кириш мумкин эмаслигини маълум қиладилар. Бунга рози бўлмаган Гулмира Илёсова туман ИИБ назорат ўтказиш жойида ички ишлар органлари ходимларини ҳақорат қила бошлайди. Мазкур жараёнда Гулмира Илёсова суриштирувчи ва профилактика инспекторига ташланиб, уларнинг хизмат кийимларини йиртади. Худди шундай суриштирувчининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган.

Табиийки, Гулмира Илёсовага хатти-ҳаракатлари қонунга зид эканлиги тушунтирилиб, ИИБ биносига кириши кераклиги билдирилганида у ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатади. Шундан сўнг Гулмира Илёсова туман ИИБ биносидаги видеокамера кузатуви билан таъминланган махсус хонага олиб кирилиб, суҳбатлашилган. Суҳбат давомида Гулмира Илёсова ИИБ раҳбарлари ва ходимларини уятли ва обрўсизлантирувчи сўзлар билан ҳақорат қилган.

Ушбу ҳолатлар рўй берган заҳоти вазият туман прокуратурасига маълум қилинади. Воқеа жойига етиб келган прокуратура ходимлари томонидан тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Шунингдек, Гулмира Илёсова туман тиббиёт бирлашмасида тиббий кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик Гулмира Илёсованинг танасида жароҳатлар йўқлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга унга нейроциркулятор дистония ташхиси қўйилиб, зарурий муолажалар қилинади. Аммо Гулмира Илёсова тана аъзолари рентген қилинишига рози бўлмаган. Гулмира Илёсовани шифокорлар кузатув хонасига ётқизмоқчи бўлишганида акаси Мирзаолим Илёсов уни шифохонадан рухсатсиз олиб кетиб қолган.   

Масалага оид айрим маъумотлар: Наманган вилояти Чуст тумани Олмос қишлоғида яшовчи, 1978 йилда туғилган, Фориш туманига мавсумий деҳқончилик қилиш учун келган Мирзаолим Илёсов 4 марта оила қурган. Биринчи турмуш ўртоғи номаълум сабабларга кўра ўзига ўт қўйиб, ўз жонига қасд қилган ва вафот этган. Иккинчи ва учинчи турмуш ўртоқлари билан ажрашган. Худди шундай, шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғи Ш.М. билан ҳам маст ҳолатда тез-тез жанжаллашиб турган.

Фикримизча, ижтимоий тармоқларда шовқин кўтаришдан мақсад жиноий жавобгарликдан қочишга уринишдир. Нима бўлганда ҳам масалага прокуратура ойдинлик киритади.

Асоссиз материалларни ўрганмасдан ижтимоий тармоқдаги каналларига жойлаётганларга эса эслатиб ўтамиз: ёлғон маълумотларни тарқатганлик учун қонунда жавобгарлик белгиланган.

Text to speech