ЭРК ҚАДРИГА ЕТМАГАНЛАР ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ
Ғаллаорол тумани жиноят ишлари бўйича судида туман ички ишлар органлари пробация гуруҳи назорати остида бўлган маҳкумларнинг очиқ суди бўлиб ўтди.
Судда айби учун чин кўнгилдан пушаймон бўлган, яшаш жойи мураббийлари ва маҳаллари томонидан ижобий тавсифланган 9 нафар маҳкумлар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан олдин шартли равишта озод этилди.
Шунингдек, очиқда жазо муддатини ўтаётган Бахт маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи маҳкум М.Р. белгиланган тартибда жазо муддатини ўтамаганлиги сабабли озодликдан чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. Маълумот ўрнида айтиш керакки, у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 127, 169-моддаларида назарда тутилган жиноятни содир этган.
Худди шундай, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этиб, очиқда жазо муддатини ўтаётган, Жийдали қишлоқ фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи К.О.нинг озодликдан чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилди. У тартиб-қоидаларни мунтазам бузиб келган. Маҳкум суд залининг ўзида қамоққа олинди.
Эндиликда ушбу фуқаролар жазо муддатларини оила аъзолари ва яқинларидан узоқда ўташларига тўғри келади.
Судда шунингдек, пробация ходимлари томонидан йиғилганларга амалдаги қонунларга қатъий амал қилиш, жазони ўташга оид тартибларни бузмаслик яна бир бор тушунтирилди.
Дарвоқе, суд ўз ишини якунлагач, вилоят пробация бўлими бошлиғи туман ички ишлар органлари пробация гуруҳи ҳисобида турган бир нечта маҳкумларнинг яшаш уйларида бўлди ҳамда уларага ижтимоий ёрдам кўрсатиш чоралари кўрилди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати