Ёшларга кенг имкониятлар яратилади
Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасини телевидение орқали катта қизиқиш билан кузатдим. Давлатимизнинг раҳбарининг таклифига асосан жорий йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”, деб ном берилиши ҳар бир юртдошимиз сингари менга ҳам катта қувонч бағишлади. Мазкур ташаббусдан сезиш мумкинки, жорий йилда улғаяётган авлодга янада кенг имкониятлар яратилади.
Чунончи, давлатимиз раҳбари 2021 йилда мактабгача таълим қамровини 65 фоизга, 2023 йилда эса 75 фоизга етказилишини, бу ишларга 600 миллиард сўм субсидия ажратилиб, қўшимча 2 мингта нодавлат боғча очилишини билдирди. Худди шундай, 2021 йилда 30 та янги мактаб барпо этилиши, 320 та мактабни таъмирлаш ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 2 триллион сўм йўналтирилиши маълум қилинди.
Умуман олганда, таълим сифатини юксалтириш мақсадида “Миллий ўқув дастури” жорий қилиниши, ўқитувчилар манфаатдорлигини ошириш, шунингдек, 10 та Президент мактаби, кимё-биология, математика, ахборот технологияларига ихтисослаштирилган 197 та мактаб фаолиятининг йўлга қўйилиши каби кутилаётган кўплаб ўзгаришлар она юртимизнинг фуқароси ҳамда оила бошлиғи сифатида менда чексиз ғурур уйғотди.
Демакки, фарзандларимизнинг билимли ва комил инсон бўлиб шаклланишлари учун барча шароитлар юзага келтирилади. Бу эса Ватанимиз эртасининг янада нурли, халқимиз ҳаётининг фаровон бўлиши учун омилдир. Биз, ички ишлар органлари ходимлари мазкур эзгу тадбирларга тинчлик ва осойишталикни самарали таъминлаш билан ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Бобобек МАҲРАМОВ,
Жиззах вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар
профилактикаси бошқармаси вояга етмаганларга
ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш маркази
ижтимоий ходими, катта лейтенант.