Эҳтиёжмандларни қўллаб-қувватлаш чоралари кучайтирилмоқда
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида эҳтиёжманд оилалар рўйхатларини шакллантириш ва уларни камбағалликдан чиқариш ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларни кучайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосарлари, ҳудудий ички ишлар органлари ва соҳавий хизматлар бошлиқлари, вилоят ҳокимлиги, вилоят бандлик бош бошқармаси, республика марказий банкининг вилоят бош бошқармаси вакиллари иштирокида бўлиб ўтган тадбирни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бошқариб борди.
Йиғилишда эҳтиёжманд оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларини жойлардаги бандик марказлари орқали ишга жойлаштириш, субсидия ажратиш йўли билан текинга иссиқхона қуриб бериш, томорқа хўжалигини ривожлантириш мақсадида сув насослари ўрнатиш, қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари билан таъминлаш тартиб ва тизимлари тўғрисида тушунчалар берилди. Шунингдек, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури доирасида эҳтиёжмандларнинг паррандачилик, қуёнчилик, қандолатчилик, балиқчилик асаларичилик, тикувчилик каби 12 та йўналишда фаолият юритишлари учун 30 миллион сўмгача миқдорда 3 йил муддатга ажратилаётган 15 фоизли кредит хусусида сўз юритилди.
Худди шундай, эҳтиёжмандларга кооператив тартибда балиқчилик, асаларичилик, қуёнчилик ва паррандачилик билан шуғулланишлари учун берилаётган кредитни расмийлаштириш йўллари ҳақида маълумот берилди. Айтиш жоиз, мазкур кредит тури олинган маблағнинг 50 фоизини қайтаришни назарда тутади.
Йиғилиш давомида мамлакатимиз раҳбарининг 2020 йил 8 июндаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”га қарорининг 3- сектордаги ижроси ҳам кўриб чиқилди. Яъни, 67 та иш тури бўйича ўз-ўзини банд қилган фуқаролар солиқ идораларидан рўйхатдан ўтиб, йилига бир марта “Халқ банки”га базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизини тўлаши орқали меҳнат стажига эга бўлишини таъминлаш юзасидан қилинаётган ишлар таҳлил этилди. Ушбу тадбирлардан кўзланган мақсад вилоятда эҳтиёжмандлар сонини камайтириш, 3- сектор масъулларининг бу йўналишдаги фаолияти самарадорлигини оширишдир.
Йиғилиш иштирокчиларини қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди. Шундан сўнг Жиззах вилоятида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш борасида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган тадбирлар муҳокама этилиб, қилиниши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.