30 Сентябр 2022 йил 517

Эзгу ишга қўл урилди

Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани Гулчамбар қишлоқ фуқаролар йиғинида жойлашган Катта қизилбулоқ қишлоғини туман марказидан 91, Жиззах шаҳридан 120 километр масофа ажратиб туради. Шу боис қишлоқ аҳли тиббий, савдо ва маиший хизмат билан боғлиқ масалаларни ҳал қилиш учун Ғаллаоролга эмас, 25 километр узоқликда жойлашган қўшни вилоятнинг Пайариқ туманига боришни маъқул кўради. Аммо куз, қиш ва баҳорда ана шу йўлнинг бир қисмини сел ювиши натижасида қизилбулоқликларнинг қисқа йўлдан ҳаракатланиш имкони йўққа чиқади. Айтганча, бу йўлдан ҳудуддаги Тошбулоқ, Тепали, Бешбола қишлоғида яшовчилар ҳам фойдаланадилар.

Қисқаси, қизилбулоқликлар Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров қишлоқ фуқаролар йиғинида ўтказган сайёр қабулда йўл муаммосини кўтаришди. Ўз навбатида Ғаллаорол тумани ИИБ шахсий таркиби ва қишлоқ аҳли иштирокида ҳашар ташкил қилинди. Шунингдек, 3- сектор ишчи гуруҳи томонидан цемент ва шағал ажратилиб, йўлнинг сел ювиб кетадиган 10 метрдан ортиқ қисмига бетон ётқизилди.

Яқин кунларда ушбу йўлнинг қия жойларига шағал тўшалади. Айтганча, қишлоқдаги симёғочлар ҳам янгиланмоқда. Аниқроғи, бугунгача 60 та темир бетон устунлар ўрнатилган, режада яна 30 таси бор. Бир вақтда қопламали электр симлари тортилмоқда. Ушбу тадбирга 12 ишчи ва 1 та техника жалб қилинган. Мазкур муаммо ҳам 3- сектор раҳбарининг  сайёр қабулидан кейин ўз ечимини топа бошлади. 

 

 

Text to speech