Фаолият сарҳисоби
Сўнгги йилларда мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий ҳаётида юз бераётган ўзгаришлар ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлиги, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга йўналтирилган фаолиятини ҳар жиҳатдан мукаммаллаштириш талабини қўймоқда. Чунончи, жиноятларни фош этиш эмас, балки олдини олиш соҳа вакилларининг бош вазифасига айланди.
Айни мақсадда ички ишлар органларига оид ҳуқуқий ҳужжатлар жадал такомиллаштирилмоқда. Жумладан, сўнгги йилларда кучга кирган “Ички ишлар органлари тўғрисида”, “Суриштирув институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” ҳамда “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги каби бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар жиноятчиликка қарши кураш ҳамда жазо муқаррарлигини таъминлаш асосларининг мустаҳкамланишига хизмат қилди.
Бу ишларнинг тизим моддий техник негизини кучайтириш, илғор услуб ва технологияларни қўллаш, ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш тадбирларига уйғун тарзда амалга оширилаётгани соҳа вакиллари масъулиятини янада оширмоқда. Мавзуга Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ҳамда соҳавий хизматлари фаолияти мисолида ёндашадиган бўлсак, ушбуларни эътироф этиш мумкин.
Вилоятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида 2019 йилнинг биринчи ярмига нисбатан бир қатор турдаги жиноятларни камайтиришга эришилган. Мисол учун ўта оғир жиноятлар 11,11 фоизга, хусусан, қотиллик 22,22 фоизга, номусга тегиш 67 фоизга, оғир тан жароҳати етазиш 25 фоизга камайган. Босқинчилик ва талончилик жиноятлари умуман содир этилмади.
Савдо нуқталари ва транспорт воситаларидан ўғирлик қилиш, бангихона сақлаш, транспорт воситаларини олиб қочиш, ўртача оғир ҳамда енгил тан жароҳати етказиш каби жиноятлар ҳам озайган. Ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари эса 30,77 фоиз кам рўй берди.
Табиийки, бу натижаларга энг замонавий технологияларнинг татбиқ этилиши, ички ишлар органлари ходимларининг билим ва малакалари мунтазам оширилаётгани, жойлардаги ички ишлар органлари биноларида ходимлар учун муносиб хизмат шароитлари яратилаётгани омил бўлмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керак, 2019 йилда вилоятдаги 10 та ички ишлар органлари биноларида таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилган бўлса, бу йил 20 дан ошиқ бинони қисман ёки жорий таъмирлаш ҳамда бир нечта янги иншоотлар қуриш режалаштирилган.
Чунончи, июль ойида Шароф Рашидов тумани ички ишлар бўлими 8- сонли ҳамда Ғаллаорол туманидаги 5- сонли ички ишлар бўлинмалари шахсий таркиби янги биноларга эга бўлишди. Шунингдек, республика Ички ишлар вазирлиги томонидан бу йил Жиззах вилояти ички ишлар бўлими патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасига 2 дона, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига 1 дона “Nexia” русумли автоуловлар ҳамда навбатчилик қисмига 1 дона “Patriot” русумли йўл танламас ажратилди. Бу ўзгаришлар соҳа вакилларининг тезкорлигини ошириш учун хизмат қилаётир.
Вилоятда аҳоли пунктлари, ташкилот, корхона ва муасасалар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳамда жамоат жойларига видеокузатув камералари ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, 10 минг 745 та видеокузатув ускуналаридан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишда фойдаланилмоқда.
Ана шу қурилмаларнинг 200 таси ички ишлар органларидаги ситуацион марказларга уланган бўлиб, улар орқали ҳудудлардаги жамоат жойлари мунтазам кузатиб борилади. Бундан ташқари вилоят йўлларида 7 та кўчма радар ҳамда 14 та видеокузатув қурилмалари орқали автотранспорт воситаларининг ҳаракати ва тезлиги назорат қилинмоқда. Эътиборли жиҳати бу ускуналарнинг бир қисми фуқароларнинг юзини таниш, транспорт воситаларининг ранги, русуми ва давлат рақамларини аниқлаш билан бирга маълумотларни умумлаштириш, статистик ҳисобот юритиш, қидирилаётган шахс ёки автоуловни қисқа муддатда топиш салоҳиятига эга. Мазкур инновацион имкониятлар жиноятчиликка қарши курашда натижадорликни таъминлаётир.
Фуқароларнинг ички ишлар органларига мурожаат этиш имкониятлари ҳам кенгайиб бормоқда. Хусусан, ҳудудида хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида автомашина билан таъминланган профилактика инспекторлари халқнинг том маънодаги кўмакчисига айланди. Қисқаси, вилоятнинг барча аҳоли пунктларида “Хавфсиз ҳудуд” концепцияси асосида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Президентимиз ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Хавфсиз шаҳар” концепцияси ҳамда республика Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 июндаги “Жиззах вилоятида жамоат тартибини сақлашни, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашишни самарали ташкил этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан Жиззах шаҳрида патруль-пост хизмати 3 навбатда ташкил этилди. Бу эса вилоят марказидаги энг гавжум кўчалар, аҳоли тўпланадиган жойлар, ташкилот, корхона ва муассасалар ҳамда бўш турган иншоотларни доимий назоратга олиш имконини берди.
Ички ишлар органлари ходимлари секторларда ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳал этишга қаратилган тадбирларда ҳам фаол қатнашмоқдалар. Чунончи, Президентимиз ҳамда республика Ички ишлар вазирининг топшириғи асосида эҳтиёжманд оилалаларни камбағалликдан чиқариш юзасидан самарали ишлар амалга оширилаётир. Хусусан, вилоят ички ишлар органлари масъуллигидаги секторларда яшовчи эҳтиёжманд оилаларга 3,5 миллиард сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар ажратилишига эришилди. Шунингдек, меҳнатга лаёқатли 2 минг 765 киши ишга жойлаштирилди.
Бундан ташқари субсидия ажратиш ҳисобидан 42 оила учун иссиқхона қурилди. 32 та оилага қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари тарқатилди. 18 та оиланинг томорқасига сув насослари ўрнатилди. Шу билан бирга 669 та эҳтиёжманд оилага ғалладан бўшаган майдонлардан такрорий экин экиш учун 1 гектардан ер ажратилди. Ана шу оилаларнинг 63 тасига ички ишлар органлари ходимлари томонидан такрорий экин экиб берилди. Аҳолини камбағалликдан чиқаришга қаратилган бу каби тадбирлар пандемия шароитида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Худди шундай, мамлакатимиз раҳбарининг 2019 йил 8 январдаги “Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида тегишли ташкилотларни жалб этган ҳолда йўлларга шағал ётқизиш, электр, газ ва сув таъминотини яхшилаш, турар жойларни таъмирлаш, тиббий кўмак кўрсатиш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш билан боғлиқ муаммоларга ечим топилаётир.
Ўз ўрнида давлатимиз раҳбарияти томонидан тизим вакилларининг тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган фаолияти муносиб баҳоланмоқда. Жумладан, мустақиллик йилларида вилоят ички ишлар органларининг 56 нафар ходими давлат мукофотлари билан тақдирланди. Чунончи, республикамиз Президентининг 2020 йил 23 июлдаги “Коронавирус пандемиясига қарши курашишда фидойилик кўрсатган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони асосида катта сержант Сардор Орифжонов “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар бўлимлари ва соҳавий хизматларини тўла қамраб олган. Шу маънода, ҳар бир ички ишлар органлари ходими ўз зиммасидаги масъулиятни теранроқ англаб, хизмат бурчига садоқат ва фидокорлик билан ёндашмоқда, десак адашмаймиз.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.