14 Январ 2021 йил 621

Фаолият таҳлил қилинди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши кураш борасида 2020 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда жорий йил режалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги, вилоят ички ишлар бошқармаси, ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда соҳавий хизматлар масъуллари иштирокида ташкил этилган йиғилиш аввалида вилоят ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров сўзга чиқди. Нотиқ томонидан дастлаб ички ишлар органларини эл манфаатларига хизмат қиладиган том маънодаги халқчил тизимга, маҳаллаларни эса хавфсиз ҳудудга айлатиришга қаратилган ислоҳотлар тилга олинди. Вилоятда профилактика инспекторлари сони 46 фоизга оширилган. Яна ҳам аниқроғи, ҳар бир маҳалла ўз профилактика инспекторига эга бўлди.

Фуқаролар хавфсизлигини самарали таъминлаш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида Жиззах шаҳрида Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда 3 босқичли узлуксиз патруллик ташкил қилинган. Худди шундай, жиноятчилик ошган маҳаллаларга Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, улар профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда хизмат қилишмоқда.

Натижада 2020 йил давомида вилоятдаги 295 та маҳалланинг 52,2 фоизида, яъни, 154 тасида бирорта ҳам жиноят рўй бермаган, 61 тасида эса қоунбузарликларни камайтиришга эришилган. Ўз навбатида 2019 йил билан қиёслаганда вилоятда умумий жиноятчилик 3,3 фоизга, жиноят қидирув йўналишидаги жиноятлар 5,6 фоизга қисқарган. Хусусан, безорилик 36 тадан 24 тага, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 34 тадан 31 тага, босқинчилик 4 тадан 3 тага, ўғирлик 190 тадан 178 тага озайган.

Жиноятларни фош этиш даражаси ҳам ошган. Бинобарин, аввалги йилларда очилмай қолган 37 жиноят тезкор қидирув йўллари билан фош қилинди. Бу даврда 111 нафар қидирувдаги шахс ушланган. Қайта жиноятлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остида бўлган 2 минг 267 нафар нафар шахснинг барчаси ишга жойлаштирилган.

Йиғилиш давомида вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров бу натижалар фаолиятдан қониқишга асос бўлмаслигини билдирар экан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги камчиликлар туфайли фирибгарлик, оила-турмуш доирасидаги жиноятлар ҳамда болалар иштирокидаги йўл-улов ҳодисалари ортганлигини маълум қилди.

Вилоятда содир этилган жиноятларнинг асосий салмоғи Жиззах шаҳри, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Фориш туманларига тўғри келади. Шу маънода, камчиликларга йўл қўйган раҳбарлар танқид остига олиниб, фаолиятни ўнглашга оид аниқ топшириқлар берилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азиз Икромов сўзга чиқиб, йиғилганларга Президентимизнинг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга йўллаган мурожаатномасида кўтарилган масалалар ҳамда ана шу мурожаатнома асосида ички ишлар органлари ходимлари бажариши лозим бўлган вазифалар тўғрисида атрофлича сўз юритди.

Шундан сўнг жиноятчилик ошишига йўл қўйилган ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда соҳавий хизматлар фаолиятига баҳо берилиб, бир қатор масъуллар ўз лавозимларидан озод қилинди. Тадбирда криминоген вазияти оғир маҳаллаларга вилоят ички ишлар бошқармаси масъулларини бириктиришга келишиб олинди. Йиғилиш якунида 2020 йилнинг устувор вазифалари белгиланди.

Шу куни Ички ишлар вазирининг ўринбосари, генерал-майор Азиз Икромов 2020 йилда Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида барпо қилинган иншоотлар билан танишди. Вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси, тезкор маълумотлар бўлими ҳамда мини футбол майдонини кўздан кечирди. Худди шундай, у қурилиши тез кунларда якунланадиган эксперт-криминалистика бўлими биносида бўлди.

Вазир ўринбосари Жиззах вилояти маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасига ҳам борди ва бошқарма фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, Азиз Икромов жиноятчилик ошган Жиззах шаҳридаги Тошлоқ ҳам Шароф Рашидов туманидаги Қаҳрамон маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб, ҳудудда жиноятларнинг барвақт олдини олиш борасида ички ишлар органлари ва маҳалла фуқаролар йиғини томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар сифатини ўрганиб, ҳолатни яхшилаш бўйича таклиф ва тавсиялар берди. Вазир ўринбосари 2020 йилда фойдаланишга топширилган Пахтакор тумани ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлими маъмурий биносидаги шарт-шароитлар билан ҳам танишди.  

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech