Фидойилар мукофотланди
Жиззах шаҳрида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вилоят бошқармаси ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш” шиори остида маданий-маърифий кеча уюштирилди. Республика ИИВ ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги вакиллари иштирокида ўтган тадбирда мамлакатимизда кечаётган сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар, хусусан пандемия шаротида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган саховатга уйғун ишлар тилга олинди. Шу билан бирга ички ишлар органлари ходимлари томонидан жамоат хавфсизлиги ва осойишталикни таъминлаш ҳамда секторларда аҳолининг турмуш маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган тадбирларга тўхталиб ўтилди.
Маданий-маърифий кеча давомида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчилик қарши курашиш билан бирдек коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларнинг оқибатларини бартараф этишда фаоллик кўрсатган 51 нафар ички ишлар органлари ходими “Меҳр-саховат” кўкрак нишонлари билан тақдирланди. Нишонларни Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров топширди.
Шунингдек, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш тизимининг бир гуруҳ фаолларига фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар берилди. Тадбир доирасида Жиззах шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларининг фаолиятини акс эттирувчи кўргазма уюштирилди. Кеча вилоят санъаткорлари иштирокидаги концерт дастури билан ниҳояланди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати