Фикр билдиришга шошманг
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилояти Зомин тумани Бирлик маҳалласида яшаган, 2020 йилнинг 9 июль куни тан жароҳатидан вафот этган фуқаро И.Назаровнинг қабри очилиб, эксгумация қилинганлигига оид видеоматериал тарқалди. Мазкур материалда ушбу фуқаронинг ўлими билан боғлиқ ҳолат ички ишлар органлари томонидан нохолисона ўрганилгани билдирилган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, 2020 йилнинг 9 июль куни Зомин тумани марказида “Lacetti” русумли автолуов ҳайдовчиси И. Назаров ҳамда “Nexia” русумли автолуов ҳайдовчиси И.Холиқов ўртасида келишмовчилик юз берган. Оқибатда И.Назаров бош мия ёпиқ жароҳати, мия пардалари остига ва мия тўқимасига қон қуйилишидан вафот этган.
Воқеа гувоҳларининг таъкидига кўра, жабрланувчига фақат бир марта зарба етказилган. Аммо гувоҳлардан бири И.Назаров қўл зарбасидан йиқилганлигини билдираётган бўлса, бошқаси гумон қилинувчи И.Назаровни тош билан урганлиги тўғрисида кўрсатма берган. Умуман олганда гувоҳларнинг кўрсатмаларида фарқлар бор. Ўз навбатида гумон қилинувчи И.Холиқов марҳум И.Назаровни урмаганлигини, аксинча И.Назаров уни урмоқчи бўлиб, мувозанатни йўқотиб йиқилгани ва ана шу жараёнда олинган жароҳатдан вафот этганлигини баён қилмоқда.
Ҳолат юзасидан 2020 йилнинг 21 июлида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104- моддаси 3- қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Айни вақтда мазкур жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Суд-тиббий экспертизасининг 2020 йил 5 августдаги 19- сонли хулосасида марҳум И.Назаров олган бош мия ёпиқ жароҳати, мия пардалари остига ва мия тўқималарига қон қуйилишлари, пешона соҳаси йиртилган жароҳати, бурун усти шилинмалари, икки лаб қонталашлари ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида йиқилиш натижасида олинганлиги инкор этилмаслиги ифодаланган.
Терговга қадар текширув ва дастлабки тергов жараёнида ички ишлар органлари ходимлари томонидан қонунбузилишларга йўл қўйилмаган. Масалага аниқлик киритиш ва қонун устуворлигига эришиш мақсадида И.Назаровнинг мурдаси ички ишлар органлари ташаббуси билан эксгумация қилинганлигини ҳам эътибордан четда қолдирмаслик керак. Марҳумнинг қариндошлари эксгумация жараёнига оид видеотасвирларни тарқатмаслик юзасидан ички ишлар органлари вакиллари томонидан огоҳлантирилган бўлишларига қарамасдан тасвирларни ижтимоий тармоқларда тарқатиб юборишган. Бу эса Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида дастлабки тергов маълумотларини терговчининг рухсатисиз ошкор қилиш сифатида баҳоланади ва бундай хатти-ҳаракатларга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланган. Айни вақтда қайта суд-тиббий экспертиза ишлари амалга оширилмоқда. Эслатиб ўтамиз, жиноят иши бўйича дастлабки тергов якунланмаган.
Яқин бир неча кундан сўнг қайта суд-тиббий экспертизаси хулосалари маълум бўлади. Ушбу хулоса асосида гумон қилинувчиларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
Жиноят иши бўйича терговчи томонидан гумон қилнувчи И. Холиқовни сўроқ қилиш ва гувохлар билан юзлаштириш тергов ҳаракатлари жараёнида унинг отаси иштирок этмаган.
Мазкур жиноят ишининг дастлабки терговини олиб борган терговчи Ж.Исмоилов хизмат сафарига кетганлиги муносабати билан жиноят иши бошқа терговчи ихтиёрига ўтказилган.
Терговга қадар текширув ва дастлабки тергов ҳаракатлари ҳар томонлама тўлиқ, холисона ва қонуний ўтказилмоқда.
Шуларнинг барчасини инобатга олган ҳолда марҳумнинг яқинларига шошилиб хулоса чиқармасликни тавсия қилган бўлардик.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати