Фирибгар: дўкон учун ер керакми?
Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Жиззах шаҳри ва Шароф Рашидов туманида яшовчи 5 нафар фуқаро мурожаат қилиб, уларга Жиззах шаҳрининг Хайробод маҳалласида истиқомат қилувчи, 1980 йилда туғилган У.С. фириб берганлигини билдирганлар.
Маълум бўлишича, У.С. 2019 йилнинг июль ойида Жиззах шаҳридаги “Марказий” деҳқон бозорида дўкон қуриш учун ер ажратиб беришни ваъда қилиб, Ўратепалик маҳалласида яшовчи, 1969 йилда туғилган Г.С.дан 26 минг АҚШ доллари, Шароф Рашидов тумани Тоқчилик маҳалласида яшовчилар, 1971 йилда туғилган Б.М., 1976 йилда туғилган Ж.М., 1963 йилда туғилган Р.М. ва 1981 йилда туғилган М.Ў.ларнинг ҳар биридан 2 минг АҚШ доллари ҳамда 723 минг сўм миқдорида пул олган.
Орадан қарийб бир йил ўтиб, яъни пулни ололмасликларига ишонч ҳосил қилган жабрланувчилар ички ишлар органларига мурожаат қилишган. Суриштирув давомида фирибгар бу пулларни шахсий эҳтиёжи учун ишлатиб юборганлиги аён бўлди. Ҳолат юзасидан тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.