Фирибгарга қонуний чора кўрилади
Фирибгар учун усул ёки воситанинг фарқи йўқ. Бир иложини топиб, кимнидир қақшатиб, пул топса бўлди. Одатда улар осон йўл билан топиладиган катта бойликни ваъда қилишади. Жиззах шаҳрининг Сайилжойи маҳалласида яшовчи, 1992 йилда туғилган Б.А. ҳам “фойдали” таклиф сабаб жабрланувчига айланди.
Маълум бўлишича, Б.А. ижтимоий тармоқ орқали ўзини АҚШ фуқароси Рики, дея таништирган шахс билан бир муддат мулоқот қилган. Қисқаси, Рики гап орасида “дўсти”га 45 минг АҚШ доллари миқдорида ёрдам бериши мумкинлигини билдиради. Фақат бу пул етказиб берилиши учун Рики айтган ҳисоб-рақамга Б.А. 1 минг 256 АҚШ доллари кўчириши керак эди. Хуллас, шу йилнинг 28 сентябрида Б.А. айтилган пулни ўтказиб берди.
Аммо доллар ўтиши билан Рики алоқани узиб қўйди. Табиийки, йигитча воқеа юзасидан ички ишлар органларига мурожаат қилди. Ҳолат бўйича тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилди ва суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати