7 Феврал 2023 йил 565

Фирибгарлардан огоҳ бўлинг!

Бугун ижтимоий тармоқлар орқали хайрия ёрдами кўрсатилаётгани ёки моддий ёрдам бериш ҳақида тез-тез ёлғон хабарлар тарқалмоқда. Ушбу эълонлар орқали давлат ташкилотларининг расмий веб сайтларига ўхшаш сохта ҳаволалар илова қилинаяпти. Мазкур ҳаволага кириш орқали фуқаронинг номида бўлган банк пластик картасидаги пул маблағлар йўқолади. Аниқроғи, пуллар фирибгар ва ўғриларнинг ҳисобига бориб тушади. Ҳозирда айрим юртдошларимиз билиб-билмай шу каби эълонларга ишониб, фирибгарлар тузоғига тушиб қолмоқда, афсуски. Жиззах вилояти ИИО ходимлари томонидан фуқароларни айни йўналишдаги қонунбузарликлардан огоҳ этиш, пластик картадаги пулларни хавфсиз сақлаш, кибержиноятчилар тузоғига тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида савдо ва кўнгилочар марказлар, бозорлар ҳамда меҳнат жамоаларида профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Пахтакор туманидаги ҳарбий қисмда ташкил этилган “Интернет ижтимоий тармоғи орқали банк пластик карталарида содир этилаётган ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг қурбонига айланиб қолманг” мавзусидаги тарғиботда ҳарбий хизматчиларга банк пластик карталарининг рақамлари ва яширин кодларини ҳеч ким бермаслик кераклиги тушунтирилди.

Шунингдек, айни йўналишдаги қонунбузарликлар ҳаётий мисоллар ёрдамида етказилди. Ёлғон хабарлардан огоҳ бўлиш учун ИИВ Киберхавфсизлик марказининг “Cyber102” профилактик платформасини доимий кузатиб бориш кераклиги айтилди.

Фориш тоғ полигонида ҳам шундай тадбир уюштирилди. Ҳарбий хизматчиларнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилинаётган ҳар хил мазмундаги сохта ҳаволалар, фирибгарларнинг банк пластик карталардан пулларни қандай ечиб олиши ва ушбу ҳаволалардан ҳимояланиш бўйича билимлари оширилди.

Жараёнда иштирокчилар мавзу юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришиб, қизиқтирган саволларига жавоб олишда.

Бу каби тадбирлар меҳнат жамоалари ва аҳоли гавжум жойларда давом этмоқда.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech