Фирибгарликда айбланаётган шахс Яшнободда ушланди
Шу йилнинг март ойида Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани Бобур маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Т.Ш. ички ишлар органларига мурожаат қилиб, Шароф Рашидов тумани Қораянтоқ маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Т.М.нинг устидан шикоят қилди. Маълум бўлишича, 2020 йилнинг сентябрь ойида аризачи “Ҳар бир оила - тадбиркор” давлат дастури асосида банкдан 20 миллион сўм кредит олиб, чорва моллари келтириб бериши учун пулни Т.М. раҳбарлик қилаётган МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказган. Аммо МЧЖ чорва молларини етказмаган.
Худди шундай, яна бир қанча фуқаролар Т.М.дан норози бўлиб, ички ишлар органларига мурожаат қилишди. Яъни Т.М. яна 28 кишининг жами 640 миллион сўм миқдоридаги кредит маблағларини ўзи раҳбарлик қилаётган ҳамда 1973 йилда туғилган А.Б. бошлиқ бўлган МЧЖлар ҳисоб-рақамларига ўтказган ва шартномада белгиланган чорва моллари ҳамда маҳсулотларни келтириб бермаган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганида Т.М. бу ишнинг охири вой бўлишини сезиб, қочиб қолди. Шу сабабли 2021 йилнинг 29 июнь куни унга нисбатан қидирув эълон қилинди.
Бироқ қочоқ узоқ яширина олмади. ИИВ ТҚХБ ҳамда Жиззах вилояти ЖҚБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида Т.М.нинг Тошкент шаҳри Яшнобод туманидаги яширин манзили аниқланиб, қўлга олинди. Айни вақтда у ҳибсхонада.