ГИЁҲВАНД ҲАМ, ОПИЙФУРУШ ҲАМ ҚЎЛГА ОЛИНДИ
Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ўта муҳим ишлар бўйича тезкор вакил, майор Ғанишер Бўронбоев олинган тезкор маълумот асосида наркотик модда сотиб олишга ҳаракат қилаётган шахснинг изидан тушди. Натижада Ғаллаорол туманидаги “Сангзор - 15” блок постида “Самарқанд - Жиззах” йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия 3” автомашинаси тўхтатилди ва автоулов салонида бўлган гумонланувчи шахсий тинтувдан ўтказилди. Бу жараёнда Шароф Рашидов тумани, Оқтош ота маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи, 1967 йилда туғилган фуқаронинг ич кийими орасидан ўткир ҳид таратувчи малла-қўнғир тусли ўсимлик қиёми топилди. Ўтказилган экспертиза айбланувчидан олинган 4 та полиэтилен пакетларга жойланган 51,31 грамм модданинг опий эканлигини кўрсатди.
Шу куни “Нексия 3” автоуловининг бошқа бир йўловчиси — Шароф Рашидов туманининг Сайхон маҳалласида истиқомат қилувчи, 1965 йилда туғилган фуқаро ҳам жиноятга алоқадорликда гумон қилиниб, ушланди. Аниқроғи, айбланувчилардан бири опийни сотиб олган, бошқаси эса кийими ичига яширган.
Тергов ва суриштирув ҳаракатлари давомида гиёҳванд моддани сотиб олган шахс ички ишлар органлари билан ҳамкорлик қилишга, яъни, гиёҳвандфурушдан яна наркотик модда сотиб олишга розилик билдирди. Шундан сўнг майор Ғанишер Бўронбоев бошчилигидаги тезкор гуруҳ 44,37 грамм опийни пуллаётган Бахмал тумани, Узунбулоқ ҚФЙда яшовчи, 1982 йилда туғилган М.Қ.ни қўлга олди.
Майор Ғанишер Бўронбоев 1982 йилда Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов туманида туғилган. 2009 йилда ИИВ академиясини тамомлади. Ички ишлар органларидаги фаолиятини Жиззах вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасида бошлади. 2012 йилдан буён жиноят-қидирув соҳасида фаолият олиб бормоқда. У хизмати давомида 8 маротаба рағбатлантирилди.
Жиззах вилояти ИИБ жиноят қидирув бошқармаси ходими, майор Ғанишер Бўронбоев ҳар жабҳада ҳамкасбларига ўрнак бўлмоқда. Шунингдек, у ёш ходимларга хизмат сирларини ўргатиш борасидаги саъй-ҳаракатлари туфайли шахсий таркибда ҳурмат қозонган.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати