23 Сентябр 2020 йил 326

Гиёҳванд модда топиб беришини талаб қилган шахслар уй эгасини калтаклади

Спиртли ичимликлар ва гиёҳванд инсон бошига кўп балою ташвишлар келтирган.  Буни Жиззах шаҳри Наврўз маҳалласида истиқомат қилувчи 1990 йилда туғилган И.У. ҳамда Маданият маҳалласида яшовчи 1998 йилда туғилган Т.С.лар ўз “тажриба”ларидан яхши билишади, десак адашмаймиз.

Аниқроқ айтадиган бўлсак, улар ароққа “тўйиб” олиб, Жиззах шаҳри Наврўз маҳалласида яшовчи 1968 йилда туғилган Х.В.нинг уйига бориб, ундан гиёҳванд модда топиб беришини талаб қилишган. Х.В.нинг гиёҳванд моддалар йўқлиги, бундай воситалар савдоси билан шуғулланмаслигини таъкидлашлари наф бермади.

Бу ҳам етмаганидек улфатлар хонадон эгаси ва унинг келишмовчиликка аралашган 1994 йилда туғилган ўғли С.Б.ни тош билан бир неча маротаба уриб, тан жароҳати етказишади.

Оқибатда Х.В. чап томон кўкрак қафаси, орқа томон юмшоқ тўқималарининг лат ейиши ташхиси билан республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига ётқизилган. Унинг ўғли С.Б. эса пастки жағ суягининг синиши ташхиси билан тиббий ёрдам олган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати

Text to speech