Гулистонликлар билан очиқ мулоқот
Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи, генерал-майор Ғайрат Қодиров Зомин тумани Гулистон маҳалласида аҳоли ва ёшлар билан учрашди. Сайёр қабул аввалида туман тиббиёт бирлашмасига қарашли А.Тоиров оилавий шифокор пунктида мутасаддилар билан учрашди.
Маълум қилинишича, 3- сектор томонидан тиббиёт масканининг сув билан боғлиқ муаммоси қисқа фурсатда ҳал этилади. Бундан ташқари сектор раҳбари ички кўчаларни таъмирлаш, шағал ётқизиш ишларининг бориши билан ҳам танишди. Жараёнда ҳудуд инфартузилмасини янада яхшилаш бўйича масъулларга кўрсатмалар берилди. Сўнгра маҳалладаги 22- сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг очилиш маросимида иштирок этди.
Маҳалла нуронийлари, туман жамоатчилиги ҳамда масъуллар ва аҳоли иштирокидаги тадбирда юртимизда ёш авлоднинг таълим олиши, уларнинг билимли ва зукко бўлиб камол топиши учун зарур шароитлар яратилаётгани айтилди. Шу билан бирга мазкур мактабгача таълим ташкилоти замонавий жиҳозлар билан таъминланганлиги қайд этилди.
Очилиш маросимида муассаса тарбияланувчилари томонидан бадиий дастур намойиш этилди. Тадбир давомида 3- сектор томонидан боғчага совғалар топширилди ва рамзий боғич қирқилиб, муассасада юзага келтирилган қулайликлар кўздан кечирилди. Тадбир давомида Жиззах вилояти ИИБ ЖХХ ЙҲХБ томонидан тарбияланувчиларга йўл ҳаракати белгиларини тарғиб қилувчи жиҳозлар топширилди. Ушбу кўргазмали қуроллар битта хонага жойлаштирилиб, ишчи ҳолатига келтирилди.
Маҳалладаги 30- сонли ўрта умумтаълим мактабида ўтказилган сайёр қабул аввалида 3- сектор ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 6 нафар эҳтиёжманд фуқароларга электр печлар ва уй-рўзғор буюмлари, 3 нафарига ўзини ўзи банд қилиши учун субсидия асосида ускуналар, 1 нафарига кредит асосида мотоцикл, 16 ёшга тўлган 4 нафар шахсларга Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини тасдиқловчи ID карталар ҳамда 1 нафар ёшга олий таълим учун шартнома пули тўланганлиги ҳақида сертификат топширилди. 4 нафар ташаббускор ёшлар эса вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.
Мулоқотда фуқаролар ўзларини қийнаб келаётган қатор муаммоларни ҳал этишда сектор раҳбаридан амалий ёрдам сўрашди. Хусусан, саломатлигини тиклаш, бандлик, уй-жойини таъмирлаш, йўловчи ташиш фаолиятини йўлга қўйиш, моддий ёрдам, кўрсатилган хизмат учун пул маблағини ундириш, кўчаларни шағаллаштириш каби масалалар баён этилди. Ҳар бир мурожаат масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, мутасаддиларга уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар юклатилди.
Қисқаси, 3- сектор раҳбарининг аҳоли, хусусан ёшлар билан мулоқоти самарали кечди. Шу қаторда кўплаб масалаларни баратараф қилиш, ҳудуд инфартузилмасини, аҳоли турмуш шароитини янада яхшилашга оид чоралар белгилиб олинди.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати