Хавфсиз туризм яратиш йўлида
Зомин туманидаги денгиз сатҳидан 2400 метр баландликда жойлашган Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғини теварагида 27 минг гектарлик арчазорлар мавжуд. Мазкур арчалар ҳудуд ҳавосини кислород билан муттасил тўйинтиради. Ушбу дарахтлардан ажраладиган эфир эса бронхиал астма, томоқ оғриғи ҳамда қатор аллергик касалликларга даво ҳисобланади.
Шу боис бу манзил қишин-ёзин сайёҳлар билан гавжум. Чунончи, 2019 йилда Зоминга 75 мингдан ошиқ меҳмонлар ташриф буюрди. Пандемия бўлишига қарамасдан жорий йилда ҳам 11 мингдан ошиқ сайёҳ ҳордиқ чиқариш мақсадида келган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, Зомин тоғлари этагида 3 та санаторий, 4 та ёзги болалар оромгоҳи, 90 та уй меҳмонхонаси, 4 та меҳмонхона, 70 дан ошиқ дам олиш масканлари фаолият кўрсатмоқда. Яъни, хизмат кўрсатиш соҳасида яхшигина рақобат юзага келган ва шунга уйғун тарзда сервис сифати ортаётир. Табиийки, ҳудудда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Зомин тоғлари бағрида жойлашган Дуоба қишлоқ фуқаролар йиғинига икки нафар профилактика инспектори бириктирилган.
Яна шуни эътироф этиш керакки, сўнгги йилларда республикамизнинг барча аҳоли пунктлари сингари Зоминда ҳам шаҳарсозлик борасида эътироф этишга аризгулик ишлар қилинди. Бугунга келиб, меъмор ва қурувчиларнинг саъй-ҳаракатлари натижасида Зомин шаҳарчаси республикамизнинг энг кўркам аҳоли пунктларидан бирига айланган.
Айтиш жоиз туманнинг туристик имкониятларидан самарали фойдаланиш учун бор имкониятлар ишга солинмоқда. Чунончи, жорий йилнинг 9 ноябрида республика Вазирлар Маҳкамасининг “2020-2022 йилларда Жиззах вилоятининг Зомин туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжатда туманда саноат, хизмат кўрсатиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида 98 та, муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш борасида 89 та, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш, жиҳозлаш мақсадида 72 та, ирригация ва мелиорация тизимларини яхшилашга қаратилган 12 та, туман марказини шаҳарсозлик талаблари асосида тартибга солиш бўйича 20 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган.
Қарорда тумандаги Суффа платосида “Зомин” туристик рекреацион зонасини ташкил этиш масаласи ҳам кўтарилган. Хусусан, ҳудудда 4 ва 5 юлдузли меҳмонхона мажмуалари, замонавий маданий-соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар ва сайёҳлик аҳамиятига эга муҳандислик инфратузилма объектларини ташкил қилиш кўрсатиб ўтилган. Умуман олганда, қарорнинг ҳар бир банди ҳудуднинг туризм салоҳиятини юксалтиришга қаратилган.
Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қароридаги 27 та банд жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга йўналтирилган “Хавфсиз ҳудуд” лойиҳасини ҳаётга татбиқ этишни назарда тутади. Жумладан, 2 та ички ишлар бўлими ҳамда 26 та ички ишлар органлари таянч пункти биноларини қуриш, 11 та таянч пунктини таъмирлаш, барча таянч пунктларида телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятини яратиш мақсадида 150 километр масофага оптик толали тармоқ тортиш, 4 та автотранспорт билан таъминланган ЙПХ ва ППХ гуруҳларини ташкил қилиш, профилактика инспекторларини замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминлаш режалаштирилган.
Шунингдек, бошқармада хизматдаги ходимлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи вазият марказини юзага келтириш, Даштобод шаҳарчасида 5 ўринга мўлжалланган наркология пункти фаолиятини йўлга қўйиш, ташкилот, корхона ва муассасалар, кўп қаватли уйлар ҳамда жамоат жойларини юздан танувчи кузатув камералари билан жиҳозлаш ва уларнинг интеграциясига эришиш, ақлли светофорлар ҳамда ёритиш мосламалари ўрнатиш каби ишлар амалга оширилади. Яъни, аҳоли билан бирдек сайёҳлар учун жиноятдан холи хавфсиз муҳитни ҳосил қилиш мақсад қилинган.
Айтганча, яқин орада Зомин тумани марказида туризм ва сервис касб-ҳунар коллежи фаолият бошлайди. Шу билан бирга Зомин тоғидаги санаторийни тоғ чанғи ҳудуди ҳамда мазкур манзилда бунёдга келтирилаётган шаҳарча билан боғловчи 2640 метрли замонавий дор йўли қурилади. Ушбу шаҳарчада анфитеатр, анжуманлар зали, кинотеатр барпо этилади. 250 километр йўлда таъмирлаш ва қурилиш ишлари амалга оширилади. Бу йўналишда юзага келтирилган инфратузилма эса 1 миллион 300 минг йўловчига хизмат кўрсатиш имконини беради.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати