25 Ноябр 2021 йил 720

“Хавфсиз ҳудуд” модули ҳаётга татбиқ этилади

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида ички ишлар органлари марказий бошқарувида IT инфратузилмасини ривожлантириш, электрон маълумотлар алмашинуви ҳамда ахборот ресурсларидан фойдаланиш учун корпоратив тармоқ яратиш ва “Хавфсиз ҳудуд” модуль принципини жорий этиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Вилоят ИИБ раҳбарияти, соҳавий хизматлар вакиллари, шунингдек ДХХ, Миллий гвардия, фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда прокуратура масъуллари иштирокида ўтган тадбирда республика Ички ишлар вазирининг ўринбосари, полковник Нажмиддин Тураходжаев сўзга чиқди ва “Хавфсиз ҳудуд” модуль принципи ҳақида атрофлича маълумот берди.

Чунончи, мазкур лойиҳа ишга тушириладиган бўлса, вилоятдаги барча кузатув камераларининг тасвирларини ягона марказдан кузатиш имкони пайдо бўлади. Шунингдек, ягона ахборот макони юзага келтирилади. Яъни инсоннинг юзидан танувчи қурилмалар орқали уларнинг шахсига аниқлик киритиш, фуқаролар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар, йўл-транспорт ҳодисалари ҳақида маълумот олиш, худди шундай ички ишлар органлари пробация хизмати назорати остида бўлган шахсларнинг назоратини масофадан амалга ошириш учун шароит яратилади.

Мазкур мақсадда профилактика инспекторлари, йўл-патруль хизмати, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда патруль-пост хизмати ходимлари планшетлар билан таъминланади. Худди шундай, ҳудудларда замонавий кузатув камералари ўрнатилиши, вилоятдаги барча яшаш манзиллари, корхона, ташкилот, муассаса, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларининг аниқ геохаритаси юзага келтирилиши зарур. Табиийки, мутахассислар малакаси оширилади.

Text to speech