18 Июн 2020 йил 466

Хизмат интизоми қонунийлик гаровидир

Жиззах вилояти ИИБ патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармасида шахсий таркиб хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликка риоя этилишини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.  Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган тадбирда вазирлик масъуллари, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда ҳудудий ички ишлар бўлимлари раҳбар ва ходимлари, соҳа фахрийлари, ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари, турмуш ўртоқлари иштирок этдилар. Тадбир аввалида ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида атрофлича сўз юритилди.

Шунингдек, фаолларни рағбатлантириш, интизомни бузганларга тегишли тартибда чора кўриш масалаларига эътибор қаратилди. Чунончи, таъмагирлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суъистемол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик, бундай ҳолатлар юз берганда кўрилажак чоралар ҳақида маълумот берилди.

Худди шундай, вилоятдаги ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш йўналишида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди. Табиийки, бундай тадбирлардан кўзланган мақсад жамоат хавфсизлиги ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоялашдир.

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати  

 

Text to speech