Хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш чоралари кучайтирилмоқда
Жиззах шаҳар ҳокимлигида Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси шахсий таркибида хизмат интизомини мустаҳкамлаш ҳамда қонунийликка риоя этилишини таъминлаш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ташаббуси билан уюштирилган йиғилишда вазирлик масъуллари, вилоят ички ишлар бошқармаси ҳамда Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси шахсий таркиби, соҳа фахрийлари, ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари, турмуш ўртоқлари иштирок этдилар.
Тадбир аввалида ички ишлар органларида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шахсий таркиб билан ишлашнинг самарали тизимини жорий этиш ҳамда тизимда интеллектуал, жисмоний ва жанговар салоҳиятни ошириш бўйича қилинаётган ишлар тўғрисида атрофлича тўхталиб ўтилди. Шунингдек, ходимларнинг ахлоқий-руҳий ҳолатини назорат қилиш, тизимда психологик хизмат сифатини ошириш борасида белгиланаётган чора-тадбирлар тилга олинди. Худди шундай, фаолларни рағбатлантириш, интизомни бузганларга тегишли тартибда чора кўриш масалаларига эътибор қаратилди.
Йиғилиш давомида ички ишлар органларининг интизомий кенгашлари фаолияти, таъмагирлик, порахўрлик, хизмат вазифасини суистеъмол қилиш билан боғлиқ иллатларга йўл қўймаслик, бундай ҳолатлар юз берганда кўрилажак чоралар ҳақида маълумот берилди.
Жиззах шаҳар ички ишлар органларида 2019 йил ҳамда жорий йилнинг ўтган даврида хизмат интизоми ва қонунийликни мустаҳкамлаш йўналишида амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама этилди. Мавзу юзасидан ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналари ҳамда турмуш ўртоқлари сўзга чиқдилар.
Тадбирда ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган 7 нафар ички ишлар органлари ходимларининг ота-оналарига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномалари ҳамда 1 нафар профилактика инспекторига лейтенант махсус унвони топширилди. Бундай йиғилишлар вилоятдаги ички ишлар органларининг барча соҳавий хизматларида бўлиб ўтмоқда.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати