Хизмат ва ижрочилик интизомини яхшилашга қаратилган тадбирлар давом этмоқда
Жиззах вилояти ички ишлар бошқармасида жорий йилнинг ўтган вақтига қадар жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар, шунингдек ички ишлар органлари соҳасида хизмат ва ижрочилик интизомини яхшилашга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирлиги Ўз хавфсизлик бошқармаси вакили сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди.
Йиғилишда шунингдек, жорий йилнинг 10 декабр куни Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат ва ижрочилик интизомини яхшилашга қаратилган видеоселекторда тилга олинган масалалар хусусида сўз юритилди ва шу билан бирга барча соҳавий хизматларнинг жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ютуқлари эътироф этилди. Паст кўрсатгичга эга бўлган ходимларнинг фаолиятлари эса танқидий кўриб чиқилди.
Тадбирлар якунида масъуллар ҳар бир ходим билан алоҳида ишлаши, шунингдек, оилавий муҳитини ўрганиш, мавжуд муаммоларини бартараф этиш бўйича топшириқлар олди.
Хуллас, бу каби тадбирлар вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида давом этмоқда.
Жиззах вилоят ИИБ ахборот хизмати