26 Январ 2021 йил 674

Хосиятсиз меҳмондорчилик

Жиззах вилояти Бахмал тумани Музбел қишлоқ фуқаролар йиғинида яшовчи О.А. вилоятнинг Зафаробод тумани Писталикент шаҳарча фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи таниши Қ.С.ни йўқлаши қимматга тушишини хаёлига келтирмаган эди. Хуллас, меҳмондорчилик давомида ичкиликбозлик ҳаддан ошади.

Кутилмаганда танишлар ўртасида келишмовчилик юзага келади ва мезбон меҳмонни ўласи қилиб дўпослайди. Шифохонада жабрланувчига ёпиқ краниоцеребраль жароҳат, бош мия лат ейиши оғир даражаси, чап қош, кўз ва пешона соҳаларида шилинган жароҳатлар, IV даража оғир кома агональ ҳолати ташхиси қўйилди.

Аммо Қ.С. ёлғон кўрсатма бериш йўли билан жазодан қутилиб қолмоқчи бўлди. Яъни, меҳмон уйидан тонгда чиқиб кетгани ва шу куни кечга яқин тан жароҳатлари билан қайтиб келганлигини билдирган. Аммо терговга қадар текширув жараёнида сир ошкор бўлди. Хуллас, эски танишлардан бирини узоқ муддатли даволаниш кутаяпти, бошқасини эса жазо...

 

Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Text to speech