Хулоса қилишга шошилманг
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилояти Чуст тумани Олмос қишлоғида истиқомат қилувчи, 1985 йилда туғилган фуқаро Гулмира Илёсованинг Жиззах вилояти Фориш тумани ИИБ ходимлари акасига жисмоний куч ишлатганлиги тўғрисидаги мурожаати тарқалди.
Дарҳақиқат, Гулмира Илёсованинг акаси Чуст туманининг Олмос қишлоғида яшовчи, Жиззах вилоятининг Фориш туманига мавсумий деҳқончилик қилиш учун келган, 1978 йилда туғилган фуқаро Мирзаолим Илёсов жорий йилнинг 5 июль куни Фориш тумани ички ишлар бўлимига олиб келинган. Бунга фуқаро Мирзаолим Илёсовнинг шаърий никоҳдаги турмуш ўртоғи, 1990 йилда туғилган фуқаро Ш.И.нинг Фориш тумани ИИБ бошлиғи номига ёзган аризаси сабаб бўлган.
Аризада билдирилишича, Мирзаолим Илёсов ва фуқаро Ш.И. 2017 йилдан буён бирга ҳаёт кечиришади. Аёлнинг биринчи турмушидан туғилган, 2012 йилда туғилган ўғли ҳамда отаси Мирзаолим Илёсов бўлган, 2018 йилда туғилган ўғлига мунтазам равишда тазйиқ ўтказган. Уларни турли усулларда қийнаган, жумладан, бошига қайноқ сув қуйган, болаларни ўлдиришини таъкидлаб келган.
Худди шундай, фуқаро Ш.И. 2020 йилнинг 5 июль куни шаърий турмуш ўртоғи Мирзаолим Илёсов 2018 йилда туғилган фарзандини ҳашаротларга қарши ишлатиладиган “Нурель” кимёвий воситаси билан заҳарлаганлигини маълум қилган. Кимёвий восита билан заҳарланган бола Фориш тумани тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида даволаниб чиққан хозирда аҳволи яхши.
Жорий йилнинг 5 июль куни фуқаро Ш.И.нинг мурожаати асосида ички ишлар органлари ходимлари фуқаро Мирзаолим Илёсовни мастлиги туфайли тиббий кўрикдан ўтказиб, Фориш тумани ИИБга келтиришади. Лекин фуқаро Мирзаолим Илёсов ўзини билмайдиган даражада маст бўлгани туфайли сўроқ қилинмайди. 6 июль куни фуқаро Мирзаолим Илёсов ўзига келгач, сўроқ қилинади. Мазкур жараёнда фуқаро Мирзаолим Илёсов ўзини ёмон ҳис қилаётганини билдиради. Шу сабабли Фориш тумани тиббиёт бирлашмасида қайта тиббий кўрикдан ўтказилиб, қўйиб юборилади. Тиббий кўрик фуқаро Мирзаолим Илёсовнинг танасида тан жароҳатлари йўқлигини, амалий соғлом эканлигини тасдиқлайди.
Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар 2020 йилнинг 7 июль куни Фориш тумани прокуратурасига юборилган. Ҳозирги кунда фуқаро Ш.И.нинг мурожаати асосида унинг шаърий турмуш ўртоғи фуқаро Мирзаолим Илёсовга нисбатан Фориш тумани прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 110-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Маълумот ўрнида айтиш керак, муқаддам фуқаро Мирзаолим Илёсов 4 марта оила қурган. Биринчи турмуш ўртоғи номаълум сабабларга кўра ўзига ўт қўйиб, ўз жонига қасд қилиб, вафот этган. Икки нафар турмуш ўртоғи билан ажрашиб кетган. Худди шундай, маст ҳолатда турмуш ўртоғи фуқаро Ш.И. билан тез-тез жанжаллашиб турган.
Жиззах вилояти ИИБ.