ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими тезкор ходимлари қидирувдаги шахсни ушлади
Жиззах шаҳрининг Бунёд маҳалласида яшовчи, 1994 йилда туғилган фуқаро О.И. Жиззах - Тошкент йўналишида киракашлик қилиб, рўзғорини тебратаётган эди. Аммо кунда топадиганига қаноат қилмасдан жиноятга қўл урди ва қочқинга айланди.
Ҳаммаси 2019 йилнинг 30 октябрида Тошкент шаҳридаги “Олмазор” метро бекатида бир фуқаронинг унга 100 АҚШ долларини Жиззах шаҳрига элтиб беришини сўрашидан бошланди. Табиийки, бу хизмати учун ҳақ олди. Лекин кўзига пул чўғдек кўриниб, омонатни эгасига етказиб бермади. Уяли телефонини ўчириб, бир неча кун яшириниб юрди. Ҳеч ким суриштирмаётганини сезгач, ишини давом эттира бошлади.
2019 йилнинг 11 ноябрида эса “Олмазор” метро бекатида бошқа бир фуқаро унга Жиззах шаҳрига етказиб бериш учун 10 миллион сўм пул берди. Киракашни шайтон яна қитиқлай бошлади. О.И. бу пулни ҳам хазм қилиб юборди.
Ўз навбатида жабрланувчилар ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишди. Қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани судида сиртдан кўриб чиқилди. Чунки фирибгар яширинганди. Суд сиртдан қамоққа олиш юзасидан ажрим чиқарди. Шу асосда қидирув эълон қилиниб, айбланувчини тутиш чоралари кўрилди.
О.И. республика ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Жиззах вилояти бўйича бўлими ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ва суриштирув тадбирлари давомида қўлга олинди. У Жиззах вилоятининг Зомин туманидаги яширин манзилда ушланди. Айни вақтда О.И. Жиззах шаҳар ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси вақтинча сақлаш ҳибсхонасида. Энди ҳаммаси учун жавоб беришга тўғри келади.
Жиззах вилояти ИИБ ахборот хизмати