15 Март 2022 йил 524

Ижро интизомига қаратилган йиғилишда тегишли кўрсатмалар берилди

Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси соҳавий хизматлари вакиллари томонидан шаҳар ва туманлар ички ишлар бўлимларининг жорий йил январь-февраль ойларидаги фаолияти ўрганиб чиқилди. Айни кунларда ана шу ўрганиш натижалари муҳокама қилинмоқда. Арнасой тумани ҳокимлигида бўлиб ўтган шундай йиғилишни Жиззах вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Жўрабек Хожанов бошқариб борди.

Тадбирда бошқарма соҳавий хизматлари раҳбарлари ва ўринбосарлари томонидан тезкор-қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, пробация хизмати, йўл ҳаракати хавфсизлиги, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, тергов, ҳуқуқий-статистика ва тезкор-ҳисоб маълумотлар йўналишларида аниқланган камчиликлар санаб ўтилди.

Хусусан, ўтмиш жиноятларини фош этиш, очилмай қолаётган жиноятлар, қидирувдаги шахсларни қўлга олиш, одам савдоси қурбонлари ҳамда тазйиқ ва зўравонлик остида қолган хотин-қизларни аниқлаш, профилактик ҳисобда турганлар, пробация хизмати назорати остида бўлган шахслар, гиёҳвандлар, ичкиликбозлар, оилавий жанжалкашлар, йўл ҳаракати қоидаларини бузувчилар билан ишлашда йўл қўйилган нуқсонлар таҳлил этилди. Шунингдек, иш ҳужжатларини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ташаббус билан жиноятлар очиш борасидаги чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Айни мазмундаги йиғилиш Зафаробод тумани ички ишлар бўлими шахсий таркиби иштирокида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш 3- сектор штабида бўлиб ўтди. Ушбу тадбир аввалида вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Жўрабек Хожанов сўзга чиқиб, ижро интизомини таъминлаш, ҳужжатларни юритиш, “қизил” ҳудудларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, оммавий тадбирларда хавфсизликни таъминлаш, шахсий таркибнинг интеллектуал, жисмоний ва жанговар тайёргарлигини ошириш масалаларига тўхталди. Шундан сўнг соҳавий хизматлар томонидан йўл қўйилган камчиликлар кўриб чиқилди.

Энди ҳар иккала йиғилишнинг умумий жиҳатларига тўхталиб ўтсак: тадбирлар танқидий руҳда ўтди. Муаммолар ва нуқсонларнинг сабаб ва омиллари таҳлил этилиб, қониқарсиз фаолият юритаётганлар қатъий огоҳлантирилди. Аниқланган камчиликларни йилнинг биринчи чораги якунига қадар тўлиқ бартараф этиш топшириғи берилди.  Хизмат интизоми ва қонунийлик, ишга масъулият билан ёндашиш, билим ва малакаларни оширишга оид чора-тадбирлар белгилаб олинди. Асосий эътибор эса ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш, жиноятларни фош қилишга қаратилди.

Text to speech